Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Дональд Трамп президентлигидан нималар кутилмоқда?


АҚШ-Мексика чегарасида девор қуриш, нолегал иммиграцияга барҳам бериш ваъдалари, Владимир Путинга ҳушомадлар - Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трампнинг 2016 йилги сайловолди чиқишларидаги асосий муждалар бўлди. Трамп 8 ноябрь куни сайловда ғолиб чиқар экан, у берган ваъдалар қанчалик рўёбга чиқиши мумкин, деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Президент ваколатлари

АҚШ Конституциясидаги назорат ва мувозанат (инглизча checks and balances) тизимига кўра, Трамп сиёсатининг амалга ошиши Конгресснинг қўллаб-қувватловига боғлиқ.

Агар Трамп корхоналар учун солиқларни камайтириш, туҳмат ҳақидаги қонунларни ўзгартириш, Барак Обама бошлаган соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни йўқ қилиш каби ваъдаларини бажармоқчи бўлса, унга қонун чиқарувчилар ва ижроия ҳокимият бўғинларининг дастаги керак бўлади.

Шу ўринда таҳлилчилар Трамп ўзининг кўплаб режаларини президент фармонлари билан ҳам амалга ошириши мумкинлигига эътибор қаратишмоқда.

Қолаверса, Трамп командаси унинг президентлигининг илк куни – 20 январда имзолаши керак бўлган 25 та фармонни тайёрлаб қўйган.

Лондондаги Стратегик тадқиқотлар институти (IISS) нинг АҚШ ташқи сиёсати бўйича эксперти Дана Эллин фикрича, ташқи сиёсат бўйича президент ваколатлари назарий жиҳатдан анча кенг.

– Бу ваколатларни Конгресс чеклай олишини тасаввур қилиш қийин. Президент қаергадир қўшин киритиш ёки ҳарбий амалиётни бошлаш бўйича турфа қарорларни бериши мумкин. Айнан мана шу соҳада уни ҳеч ким назорат қилолмайди,- дейди Дана Эллин.

Россия ва НАТО

Трамп Россия билан дўстлашиш тарафдори экани борасида кўп бора гапирган. ​Унинг таъкидича, икки мамлакатнинг яқинлашуви “Исломий давлат” жангариларини тор-мор қилиш имконини бериши мумкин.

Сентябрдаги чиқишида Трамп президент Путин билан “жуда-жуда яхши муносабатлар”ни йўлга қўйиши ва у билан президент Обамага қараганда самаралироқ иш олиб боришига амин эканини айтганди.

Трампнинг танқидчилари эса, унинг бу қарашларига қўшилмайди, уларга кўра, Обама қайтанга Россия билан муносабатларни яхшилашга уринган, ўзининг биринчи президентлик муддати даврида бу борада ошиғич уринишлар қилган.

Бундан ташқари Трампнинг мухолифлари унинг Россия агрессиясига қарши тура олишига шубҳа билдиришади.

Трамп ўз чиқишларида Путинга қойил қолганини яширмаган ва уни Обамадан кўра яхшироқ лидер деб атаган.

Март ойида Трамп НАТОни “эскирган” деб атади ва ташкилотнинг бошқа аъзолари ўз ҳарбий ҳаражатларини оширмаса ва АҚШ олдида олган ўз мажбуриятларини бажармаса, уларга ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйишни ваъда қилди.

Германия Ташқи сиёсат кенгаши қошидаги “АҚШ трансатлантика муносабатлари” дастури раҳбари Хеннинг Рикке фикрича, агар АҚШ Трамп президентлиги даврида Россия томон юз бурса, бу Европа хавфсизлиги учун ўта таҳликали оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

- Ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш мажбурияти АҚШни ўта қудратли давлат дейишга асос бўлувчи жиҳатдир. Россия эса Ғарб хавфсизлик тизимидаги ҳар қандай бўшлиқдан фойдаланишга уринади. Москва “Марказий Осиё ва Шарқий Европада мавқеини кучайтириш” мақсадида бор кучи билан “НАТО ва Европа Иттифоқини заифлантириш”га уриниб келмоқда. Агар АҚШ президенти Россия учун бу ишни қилиб берса Путин фақат бундан хурсанд бўлади, - дейди Рикке.

Эрон ядровий дастури

Трамп Эронни ўз ядровий дастуридан воз ​кечтиришга кўндириш эвазига бу давлатга санкцияларни енгиллатиш бўйича эришилган келишув шартларини ўзгартириш ваколатларига ҳам эга бўлади.

Лекин, Хеннинг Рикке фикрича, Трамп учун буни қилиш осон бўлмайди, бунинг учун музокараларнинг бошқа иштирокчилари, жумладан Россия ва Европа Иттифоқини ҳам музокара столига жалб этишга тўғри келади.

Бундай қадам Эрондаги қатъий сиёсат тарафдорлари фойдасига ўйнайди ва Теҳронни ядровий қурол ишлаб чиқариш уринишларидан тўхтатувчи шартноманинг барбод бўлишига олиб келади.

Ядро қуролини тарқатмаслик

Трамп ўз чиқишларида “Исломий давлат” жанггариларига қарши ядровий қурол қўллашини назардан соқит қилмаган ва Япония ҳамда Жанубий Кореяга ўз ядровий қуролларини яратишни таклиф қилган.

Рикке ва Аллин фикрича, Трампнинг сайловолди чиқишларидаги бундай риторика ядро қуролини тарқатмаслик борасидаги халқаро майдондаги уринишларни чиппакка чиқариши мумкин.

- Бошқа давлатлар ўз хавфсизлик тамойиллари ва ядровий қуролга эхтиёжини қайта кўриб чиқишга киришиши мумкин, - дейди Аллин.

Атроф-муҳит ҳимояси

Трамп “глобал иқлим ўзгариши назариясини Хитой АҚШ саноатини рақобатбардош қилмаслик учун ўйлаб топган”, деб айтган.

Президент лавозимига киришганидан сўнг у атмосферага чиқинди газларни чиқаришни чекловчи Париж битимидан АҚШни чиқариш борасида берган ваъдасини бажариш салоҳиятига эга бўлади.

Бундан ташқари Трамп давлат даражасида экологик меъёрларни камайтиришни ҳам ваъда қилган, Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар тарафидан бу ҳуш қаршиланганди.

Трамп фармонлар чиқариб, Аляска ва Шимолий Муз океанидаги ҳимояланган ҳудудларда нефт конларини қидириш ишларини бошлашга ва Обама президентлиги даврида тўхтатилган Канададан ўтувчи нефть қувурини ётқизишга рухсат бериши мумкин.

Муҳожирлик

Трамп ўз сайловолди чиқишларида ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатиш ва мамлакатдаги 11,3 миллион ноқонуний муҳожирни икки йил ичида бадарға қилишга ваъда берган.

У бунинг учун ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш билан шуғулланадиган махсус идора тузишни ҳам таклиф этган.

Бу дастурни молиялашни эса Конгресс маъқуллаши керак. Конгрессдаги кўплаб респубиликачилар ҳам Трампнинг мазкур таклифига қарши.

Вашингтондаги American Action Forum ҳисоб-китобига кўра, Трампнинг бу режасини икки йил ичида тўлақонли амалга ошиши мисли кўрилмаган инфротузилмани барпо этиш ва АҚШ иммиграция хизматлари сафларини кенгайтиришни талаб этади.

Бундан ташқари, ноқонуний муҳожирларнинг АҚШдан қувилиши АҚШ ялпи ички махсулотини 1,6 триллион долларга камайтириб юборади ва бу икки йил ичида мамлакатда иқтисрдий рецессияни келтириб чиқариши мумкин.

Шунингдек, Трампнинг АҚШ жанубий сарҳадларида Мексика ҳаражатлари ҳисобидан девор қуриш режасининг амалга ошишига ҳам шубҳалар бор.

Мексика бу девор қурилишига пул тўламаслигини айтган. Washington Post нашрига кўра, девор қурилиши 25 миллиард долларга тушиши мумкин.

Трамп мексикалик ноқонуний муҳожирларнинг пул ўтказмаларини "Ватанпарварлик акти" деб номланувчи қонун доирасида конфискация қилишни ҳам таклиф этган.

Лекин, ҳуқуқшунослар бунинг амалга ошишига шубҳа билдиришган.

Трамп фармонлар чиқариб, мусулмонларнинг АҚШга киришини вақтинча тақиқлаш ва қочқинлар учун дастурларни тўхтатиш ҳақидаги ваъдаларини бажариши мумкин.

Лекин, бу борада тўла-тўкис қарор қабул қилиниши судда кўп вақтга чўзилиши тайин.

Солиқларни камайтириш

Трампнинг иқтисодий дастурига кўра, мамлакатдаги корхоналарга солиқлар ҳозирги 35 фоиздан 15 фоизга туширилиши керак. Бу режа сармоядорларни рағбатлантириш орқали иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишни кўзда тутади.

Республикачилар умумиятла солиқ камайтирилиши тарафдори. Лекин, мустақил ва бошқа гуруҳлар бунга қарши.

Вашингтондаги Tax Foundation таҳлилий марказига кўра, солиқларнинг камайтирилиши давлат ҳазнасига пул тушумини 5,9 триллион долларга камайтиради.

Вашингтондаги Давлат бюджетини масъулиятли тузиш қўмитаси эса Трампнинг солиқларни камайтириш бўйича режаси мамлакат ялпи қарзининг 2026 йилга бориб 28,4 триллион долларга ошишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

Савдо шартномалари

Трамп ўз сайловолди чиқишларида Америка ширкатлари “фожиали” савдо келишувларидан азият чекаётгани ва бу келишувлар қайта кўриб чиқлиши лозимлигини таъкидлаган.

Трамп президентлик вазифасини қабул қилиб олганида АҚШни Тинч океани ҳамкорлиги (TPP) ва Шимоий Америка эркин савдо ҳудуди (NAFTA) дан чиқариш ваколатига эга бўлади.

Трамп, шунингдек, АҚШни 164 мамлакат аъзо Жаҳон савдо ташкилотидан ҳам чиқариш ҳақида баёнотлар қилган.

Moody’s Analytics маркази таҳлилчиси Марк Занди фикрича, Трампнинг бундай иқтисодий сиёсати АҚШ иқтисодини халқаро савдо, иммиграция ва тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг камайиши эвазига сезиларли заифлаштиради.

XS
SM
MD
LG