Линклар

logo-print

Ҳиллари Клинтон: Мен Америкага ишончимда собитман


Ҳиллари Клинтон мағлубиятини кўплаб америкаликлар афсус билан қабул қилди.

Ҳиллари Клинтон мағлубиятини кўплаб америкаликлар афсус билан қабул қилди.

АҚШ президенти Барак Обама 10 ноябрь куни сайланган президент Дональд Трамп билан ҳокимиятни топшириш масаласида маслаҳатлашув ўтказади. АҚШ Демократик партиясидан президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтон сайловда мағлубиятга учраганидан афсус билдирди ва сайланган президент Дональд Трамп билан мамлакат манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Барак Обама бугун Дональд Трамп билан учрашади

Барак Обама 9 ноябрь куни АҚШ президенти лавозимига сайланган Дональд Трампни ғалаба билан табриклади. У президентлик сайловлари натижалари юзасидан сўзлаган нутқида, жумладан, мана буларни айтди:

-Мен сайланган президент Дональд Трамп билан ўтган кечаси таҳминан соат уч яримларда суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдим. Уни сайловдаги ғалаба билан табрикладим ва уни эртага (10 ноябрь куни) президентликни муваффақиятли равишда топшириш масаласида суҳбатлашиш учун таклиф қилиш имкониятидан фойдаландим, -деди Барак Обама.

Барак Обама сайловолди жараёнида бир неча марта Дональд Трамп ҳақида гапирар экан: “У президент бўлишга муносиб эмас", деб билдирган эди.

Обама ўз сўзида давом этар экан: “Биз биринчи навбатда демократ ёки республикачи эмас, балки америкаликмиз. Мен бу гапни кеча Трампдан эшитдим”, деб билдирди.

Обама сайловда мағлубиятга учраган Ҳиллари Клинтон билан фахрланишини, у сиёсатнинг энг юқори чўққиларини заб этганини ва турмуш ўртоғи, собиқ президент Билл Клинтон билан америкаликлар ҳаётининг фаровонлашувига улкан ҳисса қўшганини таъкидлади.

Клинтон: Янги президентга оқилона муносабатда бўлиш мажбуриятига эгамиз

АҚШ Демократик партиясидан президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтон сайловда мағлубиятга учраганидан афсус билдирди ва сайланган президент Дональд Трамп билан мамлакат манфаатлари йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди:

- Биз америка жамиятидаги бўлиниш ўйлаганимиздан ҳам теранроқ эканига гувоҳ бўлдик. Лекин мен Америкага ҳали ҳам ишонаман ва ишонишда давом этаман. Биз бу натижани қабул қилишимиз ва шундан сўнг келажакка интилишимиз зарур, – деди Клинтон.

Унга кўра, “бундан ҳам кучлироқ ва адолатли Американи” қуришда иштирок этиш унинг ватандошлик бурчидир.

Нью-Йоркда қилган чиқиши чоғида Клинтон ўз сафдошларига сайлов жараёнида қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдирди ва янги президентни қўллаб-қувватлашга чақирди:

- Дональд Трамп бизнинг президентимиз бўлишга ҳозирланмоқда. Биз унга оқилона муносабатда бўлишга ва халқни бошқаришига имконият яратиш мажбуриятига эгамиз, - деди Ҳиллари Клинтон.

Сайлов кунига қадар ўтказилган ижтимоий сўровларда Ҳиллари Клинтон ўз рақибидан 4 фоиз олдинда бораётгани, сайловчиларнинг 45 фоизи Клинтонга, 41 фоизи Трамга овоз бериши мумкинлиги таҳмин қилинган эди.

Трамп: Америка халқи учун бўлиниш яраларига малҳам суртиш пайти етиб келди

Америкаликлар 8 ноябрь куни АҚШнинг 45-президентини сайлаш учун овоз берди. АҚШ президентлиги учун Демократик партиядан Ҳиллари Клинтон, Республикачилар партиясидан Доналд Трамп даъвогарлик қилди. Сайловда Дональд Трамп ғалаба қозонди ва Американинг 45-президенти этиб сайланди.

Дональд Трамп ўз ғалабаси эълон қилинганидан сўнг сўзлаган нутқида АҚШ халқини бирдамликка чақирди:

- Энди Америка халқи учун бўлиниш яраларига малҳам суртиш пайти етиб келди. Республикачилар ҳам, демократлар ҳам, мустақиллар ҳам, яъни жамиятимизнинг барча қатлами бирдам бўлиши керак. Мен айтмоқчиманки, ягона миллат сифатида бирлашадиган вақтимиз етиб келди. Бу заминда яшаётган ҳар бир одамга ваъда бераманки, мен барча америкаликлар учун президент бўламан, бу эса мен учун жуда муҳимдир, -деб билдирди Дональд Трамп.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG