Линклар

Обама Трамп билан Оқ уйда ўтиш даври масалаларини муҳокама қилди (ВИДЕО)


АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп пайшанба куни амалдаги президент Барак Обама билан учрашди.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп пайшанба куни амалдаги президент Барак Обама билан учрашди.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп пайшанба куни амалдаги президент Барак Обама билан учрашиш учун Оқ уйга борар экан, давлат арбобининг ҳаракатланиши жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак, деган анъанадан воз кечди. Трамп журналистларнинг ўзи билан биргаликда Оқ уйга бориш истагини эътиборга олмади. Оқ уйдаги учрашув эса 15 дақиқа ўрнига 1 соат давом этди.

Оқ уйда 10 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашув Барак Обама ташаббуси билан ўтказилди. Трамп журналистларни ўзи билан Оқ уйга учрашувга боришини истамади ва бўлғуси иш жойига рафиқаси Мелания билан бирга келди.

АҚШнинг сайланган президенти маслаҳатчиси ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бермади ҳамда уларнинг Трампни Оқ уйга кузатиб бориш талабини рад этди.

Амалдаги президент Обама учрашувдан сўнг журналистларга Трамп билан ички ва ташқи сиёсатнинг кенг қамровли спектрларини муҳокама қилганини айтди.

- Мен сайланган президент Трамп билан мароқли суҳбат қурдим. Кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдик. Оқ уйдаги ташкилий масалалар ҳақида гаплашдик. Биз ташқи ва ички сиёсат ҳақида суҳбатлашдик. Яқин икки ой давомида мен учун биринчи галдаги устивор вазифа - ўтиш даврини янги сайланган президентга муваффақият келтирадиган йўсинда уюштиришдир. Бу ҳақда мен кеча кечқурун ҳам айтган эдим, - деди Барак Обама.

Трамп президент сифатида АҚШ дуч келаётган кўплаб муаммолар бўйича ўз командаси билан бирга ишлашини айтган ва бу Обамани хурсанд қилган.

- Мени сайланган президент Трампнинг буюк давлатимиз олдида турган барча муаммолар бўйича командам ишига кўрсатган таважжуҳи илҳомлантирди. Мен,қайси партияга мансублигимиз ва қанақа сиёсий қарашларга эгалигимиздан қатъий назар, қаршимизда турган хавф-хатарларни енгиш учун биргаликда ишлашимиз ўта муҳим, деб ҳисоблайман, - деди Обама.

Учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берган Дональд Трамп Обама билан суҳбат 15 дақиқага мўлжаллангани, аммо амалда бир соатдан кўпроқ давом этгани ҳақида гапирди. Трамп келажакда ҳам Обама билан қайта учрашини орзиқиб кутишини айтди.

- Президент Обамага миннатдорчилик билдираман. Бу учрашув 10-15 дақиқага мўлжалланган ва биз фақат бир-биримиз билан танишишимиз учун тайинланган эди. Биз аввал ҳеч қачон бир-биримиз билан учрашмаган эдик. Мен Обамани жуда ҳурмат қиламан. Учрашув бир-бир ярим соат давом этди. У яна ҳам кўпроққа чўзилиши мумкин эди, - деди Трамп.

Амалдаги вице-президент Жо Байден ҳам 10 ноябрь куни Оқ уйда сайланган вице-президент Майк Пенс билан учрашди. АҚШ биринчи хоними Мишель Обама эса Трамнинг рафиқаси Мелания билан суҳбатлашди.

Обама билан учрашув якунланганидан сўнг Конгресс Вакиллар палатаси раиси, республикачи Пол Райян қабулида бўлган Трамп президент сифатида қасамёдга келтирилганидан сўнг зудликда соғлиқни сақлаш ва иммиграция масалаларидаги сайловолди ваъдаларини бажаришга киришишини айтди. Трамп ўз сўзида “биз солиқларни қисқартириш ниятидамиз”, деб таъкидлади.

Трамп сайловолди нутқларида Обама томонидан ўтказилган соғлиқни сақлаш ислоҳотига қарши эканини айтган ҳамда муҳожирларни АҚШга киритмаслик, уларнинг сонини озайтириш каби ваъдаларни берган эди.

Трамп 2017 йилнинг 20 январидан бошлаб президент сифатида иш бошлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG