Линклар

Ташқи ишлар вазирлиги ҳам виртуал қабулхона очди


Энди шикоятлар билан бевосита Ташқи ишлар вазири А.Комиловга мурожаат қилиш мумкин

Энди шикоятлар билан бевосита Ташқи ишлар вазири А.Комиловга мурожаат қилиш мумкин

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида идора раҳбари Абдулазиз Комилов виртуал қабулхонаси иш бошлади. 2016 йилнинг 10 ноябр куни иш бошлаган қабулхона “дунёнинг барча минтақаларидан” бўлган арз-шикоятларни қабул қилиши айтилди. Айни пайтда, виртуал кутубхонага бўлаётган ўзбекистонликлар мурожаатлари юзасидан бошқа давлат идораларида ҳам "шикоятлар билан ишлаш" бўлимлари ташкил этилмоқда.

Шу йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий веб сайтида виртуал қабулхона иш бошлади.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, ватандошлар шахсан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўзига мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Дунёнинг барча минтақаларидан жисмоний ва юридик шахслар куну тун ўз савол, ариза, шикоят ва таклифлари билан бевосита Ташқи ишлар вазирига мурожаат этишлари мумкин”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги идораси расмий хабарида.

Арз-шикоятлар бевосита веб саҳифа орқали ёки +998-71-233-28-28 рақамли ишонч телефони орқали қабул қилинаётгани билдирилди.

Сайтда кўрсатилган виртуал қабулхона телефон гўшагини кўтарган навбатчи дипломатдан Озодлик қабулхона масаласида қуйидаги тафсилотларни олди:

- Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятига даҳлдор бўлган масалалари билан мурожаат қилиш мумкин. Нафақат чет элда юрган – Ўзбекистонда юрганлар ҳам арз қилиши мумкин. Кўриб чиқиш муддати “Фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кўриб чиқилади. Кўрсатилган масаларнинг ўрганиш-ўрганмаслик даражасига қараб, 10 кундан 1 ойгача муддатда жавоб берилади, деди Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Ташқи ишлар вазирлиги виртуал қабулхонаси Ўзбекистон президенти ва бош вазири вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев ўзининг виртуал қабулхонасини очганидан деярли икки ой ўтиб иш бошлади.

Ташқи ишлар вазирлиги шикоятхонасига мурожаат қилган айрим ўзбекистонликлар ўз арзлари масаласида жавоб кутиб қолмоқда.

Булар қаторида Фарғонанинг Сўх анклави аҳолиси ҳам бор. Исмини ошкор қилмасликни сўраган сўхлик ватандошлардан бири чегарада юзаган келган жуда оғир вазият масаласида Абдулазиз Комилов қабулхонасига қилинган мурожаатга “Яқинда ҳал бўлади, кутинг!” жавоби берилганини айтди.

Суҳбатдош Сўхдан ташқари Шоҳимардон эксклави, Ўш ва Жалолободдан келган одамлар туфайли Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида катта навбатлар юзага келаётганидан шикоят қилди.

- Мирзияевга ёзишган – “Яқинда ҳал бўлади!”, дейишди. Иккинчи маротаба келиб “Ҳал бўлаяпти”, дедию одамлар вазирликка ҳам чиқдик деяпти. Абдулазиз Комиловнинг ўринбосари Қирғизистон чегараси бўйича учрашув асосида баёнот берибдики, “Яқин қолди”, деб. Яқинда қирғиз ГАИлари сўхликларни тўсиб мажбурлаб “Водил томонга йўл яхши, ГАИ йўқ, ҳаммаси тинч”, деб қўл қўйдирди. Ички ишларга ҳам бесамара мурожаат қилдик. Мана 4 йил бўлди бу муаммога. Ҳозир Риштонга бормоқчи бўлсак, 4 соатда бораяпмиз. Бугун уйдагиларим 3 соат навбатда қирғиз чегарасида турибди ўтишга. Агар Риштон томони очилган бўлса, биз мажбур бўлаяпмиз 250 километрга айланиб ўтиб Ўзбекистонга киришга. Илгари 15-20 минутли йўлни ҳозир 7-8 соатда босиб ўтаяпмиз, деди Ташқи ишлар вазирлигига қилинган мурожаат бўйича жавоб кутилаётганини айтган сўхлик ватандош.

Эслатиш жойизки, манзили pm.gov.uz бўлган Шавкат Мирзиёевнинг қабулхонаси Ўзбекистондаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятларини қабул қилишни давом эттирмоқда. Бош вазир қабулхонасига ариза, шикоят ва талаб-таклифлар

(0 800) 210−0000 телефон рақами ёки “1000” қисқа бепул рақамига қўнғироқ қилиш орқали юборилиши айтилган.

Ўзбекистон Бош вазири қабулхонасига юборилаётган арзлар сони аллақачон 70 мингдан ошганини ҳисобга олган ҳолда, барча вазирлик ва мутассадди идораларда аризаларни кўриб чиқиш бўйича махсус бўлимлар тузилгани хабар қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида виртуал қабулхонага юборилаётган шикоятларни кўриб чиқиш билан янги тузилган махсус бўлим шуғулланмоқда. Ўзбек милицияси расмий ҳисоб-китобига кўра, Ички ишлар қабулхонасига юборилган 3,5 минг сўровнинг 40 фоизи яшаш жойи бўйича қайдга туриш, кирди—чиқди, биометрик паспорт олиш ва ватандошлик масалаларига бағишланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG