Линклар

logo-print

Тошкентда боғча мудираси пора билан қўлга тушди. Малайзиядан учадиган йўловчилар Samsung Note 7 телефонини олиб чиқиши тақиқланди. Бухоролик эркак рашк сабабли хотини ва икки боласини чавақлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Давлат ҳокимияти раҳбарларига фуқароларни ҳар куни қабул қилиш мажбурияти юкланди

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларида фаолият юритувчи раҳбарларга фуқароларни ҳар куни қабул қилиш мажбурияти юкланди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Вазирлар Маҳкамаси 2016 йил 27 октябрда қабул қилган қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳар куни соат 08:00 дан 11:00 гача шахсий қабул ташкил қилиш чорасини кўриши лозим. Давлат ҳокимияти органлари мутасаддилари зиммасига, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар билан ишлашни қайта кўриб чиқиш, муаммо ва эътирозларни жойида ҳал этиш, веб-сайт ва ишонч телефони орқали мурожаат этиш тизимини тубдан яхшилаш вазифалари юкланган.

Президентликка номзод Наримон Умаров: Ўзбекистонда инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш операциялари – трансплантологияга рухсат бериш лозим

Ўзбекистон президентлигига “Адолат” партиясидан номзод сифатида кўрсатилган Наримон Умаров мамлакатда трансплантология, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш лозимлигини таклиф этмоқда (“Оила даврасида”, 10 ноябрь). Айни вақтда Ўзбекистонда мазкур тиббий амалиётларга қонунан рухсат берилмаган. Н.Умаров, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонун йўли билан мувофиқлаштириш, қонуности ҳужжатлари сони ва доирасини қисқартириш, тўрачилик ва расмиятчиликка қарши кескин курашни ёқламоқда. “Адолат” партиясидан кўрсатилган номзодга кўра, пойтахт Тошкент ва вилоятлар ўртасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутнинг олдини олиш учун йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчириш лозим.

Ўзбекистонда 2017 йилдан дори-дармон нархининг асоссиз ошишига қарши тартиб кучга киради

2017 йил 1 январдан Ўзбекистон дори-дармон бозорида нархлар устидан назорат кучайтирилади (“Даракчи”, 10 ноябрь). Ўзбекистон Президентининг 31 октябрдаги қарорига кўра, хориждан олиб келинадиган ва мамлакатда ишлаб чиқариладиган дори-дармон ва тиббиёт буюмларининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Бунга мувофиқ, дори-дармон улгуржи савдода сотиб олинган қийматдан 15 фоиз, чакана савдода эса улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган устама асосида сотилиши мумкин. Нархни белгилаш тартибини бузган юридик шахслар лицензиядан маҳрум этилади. Қарорга кўра, аҳолини дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли назорат қилиш учун Республика комиссия ташкил этилади. Мазкур комиссия ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун нархларни белгилайди ва нархлар мониторингини олиб боради.

Тошкентда боғча мудираси пора билан қўлга тушди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Камалак” номли мактабгача таълим муассасаси мудираси пора билан қўлга тушди (“Ҳуқуқ”, 10 ноябрь). Исми ошкор этилмаган мудира фарзандини боғчага қабул қилиш эвазига унинг онасидан 150 АҚШ доллари пора талаб қилган. Ўз навбатида, ота-оналар ҳуқуқ идораларига мурожаат этган. Боғча мудираси ашёвий далил – 150 долларни олаётганда ушланган. Чилонзор туман прокуратураси терговчиси Сайдирасул Набихожаевга кўра, порахўр мудирага нисбатан амнистия акти қўлланилган.

Малайзиядан учадиган йўловчилар Samsung Note 7 телефонини олиб чиқиши тақиқланади

Малайзиядан учадиган йўловчиларга ҳаво кемалари саҳнида Samsung Note 7 уяли телефонларини олиб кетиш тақиқланди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси матбуот хизматига таяниб хабар беради. “Мазкур чекловлар илгари рўй берган Samsung Note 7 маркадаги смартфонларнинг ёниб кетганлиги ҳолатлари муносабати билан киритилган бўлиб, шу сабабли йўловчилар телефонни қўл юки сифатида олиб кетишлари, багажга топширишлари ёки Малайзиядан учиб кетадиган қатновларда юк сифатида жўнатишлари мумкин эмас” дейилади “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси матбуот хизмати хабарида.

Туман ҳокимликлари веб-сайтлари бир неча йилдан бери янгиланмаётир

Ўзбекистондаги аксар туман ҳокимликларининг веб-сайтлари бир неча йилдан бери янгиланмаётир (“Ҳуррият”, 9 ноябрь). “Наҳот орадаги шунча вақт ичида туманларда айтишга арзигулик ўзгаришлар бўлмаса?! Баъзи ҳокимликларнинг умуман веб-сайтлари йўқ. Сайт ҳар доим, жуда бўлмаганда қонунда айтилганидек, камида ҳафтада бир маротаба янгиланиб туриши керак” деб ёзади газета. Қайд этилишича, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари расмий веб-сайтлари талабга тўла жавоб бермайди. Бугун оғриқли нуқталарга барҳам бериш, хусусан, онлайн мурожаатларни ҳадеганда ягона давлат интерактив хизматлари порталига юклайвермай, маҳаллий ҳокимиятларнинг ўзида ҳал этиш устувор вазифага айланган.

Бухоролик эркак рашк сабабли хотини ва икки боласини чавақлади

Бухорода бир кунда бир оиланинг барча аъзолари нобуд бўлди (“Постда”, 5 ноябрь). Исми ошкор этилмаган эркак маст ҳолатда дастлаб рафиқасини, сўнг норасида қизи ва ўғлини пичоқлаб ўлдирган. Шундан кейин ўз жонига қасд қилган. Қайд этилишича, жиноятга ноўрин рашк сабаб бўлган. Жиноий ишнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG