Линклар

Керри Афғонистонда тўрт америкалик аскар умрига зомин бўлган ҳужумни қоралади


Пентагоннинг маълум қилишича, худкуш бомбачи НАТОнинг Афғонистондаги Багром аэродромига ҳужум қилиб, тўрт америкаликни ҳалок қилган ва яна кўпларни яралаган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатиб, 12 ноябрда юз берган портлашда тўрт америкалик ҳалок бўлгани ва яна 16 нафар америка ҳарбийси яраланганини билдирди.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри ҳужумни “қўрқоқ амал”, дея қоралади.

Янги Зеландия сафарида бўлган Жон Керри 13 ноябрда журналистларга Американинг Афғонистондаги миссияси “бир шахснинг амали билан ортга кетмайди”, деб айтди

Пентагоннинг маълум қилишича, худкуш бомбачи Американинг Афғонистондаги энг йирик ҳарбий-ҳаво базаси – Багромга хавфсизликка эътибор берилмаган бир пайтда ҳужум қилган.

Ҳодисада бир поляк аскари ҳам яраланган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги портлашнинг қаерда ва қай ҳолатда юз берганига доир маълумот тафсилотига тўхталмади.

Толибон сўзчиси Забиҳулло Мужоҳид Twitter орқали баёнот тарқатиб, ҳаракат ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олганини айтди.

Багром тез-тез Толибон исёнчилари ҳужумларига учраб туради.

Ўтган йил декабрида толибон жангчиси мотоцикли билан ўзини база яқинида портлатиб юбориши натижасида 6 нафар америкалик ҳалок бўлганди.

Багром аэродромида бўлган 10 мингга яқин америкалик ҳарбий Афғонистон армиясини тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG