Линклар

Тошкентда немис журналисти Эдда Шлагер 10 ноябрь куни қўлга олинди ва 11 ноябрь куни Ўзбекистондан депортация қилинди. Бу ҳақда якшанба куни Аsiaterra нашри хабар тарқатди.

Нашрнинг билдиришича, айни пайтда Қозоғистонда яшаётган журналист Эдда Шлагер Тошкентга 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловини ёритиш ва Ислом Каримовдан кейинги Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар билан немис жамоатчилигини таништириш учун борган эди.

Эдда Шлагер нашрга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан аккредитация олиш мумкин бўлмагани туфайли Тошкентга 3 ноябрь куни сайёҳлик визаси билан келганини ва жамоатчилик вакиллари билан бир қатор учрашувлдар ўтказганини айтган.

10 ноябрь куни уни меҳмонхонада милиция ва миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат 4 киши ҳибсга олиб, бир неча соат сўроқ қилган.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги аралашуви билан журналист озод этилиб, Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Эдда Шлагер Ўзбекистондан депортация қилинган ягона журналист эмас. 2003 йилда Тошкентдан россиялик ҳуқуқ фаоли Николай Митрохин, 2005 йилда халқаро журналист Игорь Ротарь, 2012 йилда Би Би Си мухбири Наталья Антелава ва россиялик журналист Викторя Ивлева, 2014 йилда москвалик фотосуратчи Константин Саломатин чиқариб юборилган эди.

XS
SM
MD
LG