Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:25

Ҳуқуқ фаоллари қамоқдаги журналист Солижон Абдураҳмонов билан учрашди


Шу йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/61-сонли муассасада Инсон ҳуқуқлари халқаро қўмитаси фаоли, журналист Солижон Абдураҳмонов билан учрашди.

Учрашувда иштирок этиб, бу ҳақда Озодликка хабар қилган қилган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, маҳкум ўз ҳамкасбларини таъна ва эътирозлар билан қаршилаган.

Солижон аканинг соғлиғи бизга яхшидек кўринди, аммо қанақадир руҳан тушкун аҳволда эканлар. У кишининг айтишича, шу пайтгача қилган кўпгина шикоятлари ўз манзилига етиб бормапти. Шу боисдан 2014 йилнинг январида ҳам учрашган ҳамкаби Васила Иноятова ва мендан бироз гинадорлигини айтди. У кишининг иддаосича, ҳуқуқ ҳимоячилари рисоладагидек шуғулланишса, ҳозирги шароитда у киши озодликка чиқиши мумкин экан,” дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, 67 яшар Солижон Абдураҳмонов муассасадаги шароит ва ош-овқатдан шикоят қилмаган.

Муассаса ходимларига эътирози йўқ, лекин тезроқ озодликка чиқишни хоҳлайди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Солижон Абдураҳмонов ҳамкасби Ташановнинг қийноқлар борасидаги саволига қуйидагича жавоб қайтарган:

"Абдураҳмон, сиз билан менинг тасаввур ва қарашларимда қийноқ жуда кенг тушунча. Агар менга нисбатан жисмоний қийноқлар хусусида билишни истасангиз, бунақа нарса йўқ, муассаса ходимларининг барчаси болаларим тенги йигитлар. Булардан норозилигим йўқ, овқатлари ҳам ёмонмас. Уйдагилар билан учрашиб турибман. Бироқ, менинг тасаввуримда хатларим шикоят қилаётган идораларга етиб бормаяпти. Сиз “Эзгулик”чиларга эътирозим ҳам шундан, шу масалада кўмакларингиз зарур," деган журналист.

Журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, 10 йиллик қамоқ жазосининг 8,5 йилини ўтаб бўлган ҳамкасбининг озодликка чиқиш ва ўзининг жиноят иши юзасидан ҳуқуқий курашга киришдан ўзга тилаги йўқ.

Маҳкум суҳбат сўнгида: “Халқаро ташкилотларнинг эътиборидан хурсандман, аммо уларнинг ҳаракатлари самарасиз эканлиги яхши эмас” деб айтган.

Солижон Абдураҳмонов 2008 йили Нукус шаҳрида йирик миқдорда гиёҳванд модда сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, қўлга олинган ва кейинчалик 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Халқаро ташкилотларга кўра, Солижон Абдураҳмоновга нисбатан айбловлар уйдирма ва журналистлик фаолияти учун жазо тариқасида сохталаштирилган.

Икки йил муқаддам журналист Йоҳанн-Филипп Палм мукофотига сазовор деб топилганди.

Йоҳан-Филип Палм мукофоти Солижон Абдураҳмоновга "жорий режимдан сўз эркинлиги учун жабр кўрган" журналист сифатида берилганди.

XS
SM
MD
LG