Линклар

АҚШ Думадаги қримлик депутатларга қарши санкция жорий қилди


Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли харитаси.

Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли харитаси.

АҚШ расмийлари Россия парламентига сайланган қримлик олти нафар депутатга қарши санкция жорий қилдилар. Дмитрий Белик, Андрей Козенко, Константин Бахарев, Светлана Савченко, Руслан Балбек ва Павел Шперов 2014 йили Россия томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган Қрим яримороли ва унинг Севастополь бандаргоҳи вакиллари ўлароқ 18 сентябрь куни сайлангандилар.

АҚШ Молия вазирлиги вакиллари Қримдаги сайловларни ноқонуний, деб атаганлар. Аввалроқ бу олтовлон Европа Иттифоқининг “қора рўйхат”ига қўшилганди.

Америкалик расмийларга кўра, бу одамлар “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи” сиёсат юргизилишига шерик бўлиб ҳисобланадилар. АҚШ Молия вазирлиги вакили Жон Смитнинг айтишича, “қора рўйхат”ни кенгайтириш қарори “Украина суверенитети ва хавфсизлигини ҳурмат қилишни бошламагунича Россияга босим ўтказиш” бўйича чора-тадбирларнинг бир қисмидир.

“Вазирлик Қрим аннексияси ва Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш фаолиятига дохил кишиларга нисбатан санкция жорий қилишда давом этади”, дея қўшимча қилди у.

Бу чора АҚШ ватандошлари ва ширкатларига рўйхатга киритилган одамлар ва ташкилотлар билан бизнес юритишни тақиқлаш ҳамда уларнинг Қўшма Штатлардаги маблағларини музлатишни кўзда тутади.

XS
SM
MD
LG