Линклар

logo-print

АҚШнинг бўлажак президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали икки мамлакат ўртасидаги мураккаб муносабатларни муҳокама қилдилар. Трамп вакиллари баёнотида Путин АҚШнинг сайланган президентини сайловдаги ғалабаси билан табриклагани айтилади. Шунингдек, баёнотда Трамп “Россия билан узоқ муддатли ва мустаҳкам алоқа ўрнатиш имкониятини сабрсизлик билан кутаётгани” урғуланади. Баёнотга кўра, Трамп ва Путин қатор муаммолар, жумладан, АҚШ ва Россия қаршисида турган хавф-хатарларни муҳокама қилганлар.

Аввалроқ Кремль Путин ҳам, Трамп ҳам АҚШ билан Россия ўртасидаги алоқаларни “мутлақо қониқарсиз” дея баҳолаганлари ҳақида хабар тарқатганди. Россия президенти Трампга “ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик” асосида мулоқотга тайёр эканини билдирган. Кремлдан қўшимча қилишларича, томонлар “икки томонлама алоқаларни самарали ҳамкорлик ўзанига буриш”га келишиб олганлар.

Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар 2014 йили Россия томонидан Қрим яримороли ноқонуний равишда аннексия қилиниши, Украина шарқидаги айирмачилар ҳамда Сурия президенти Башар Асад Кремль томонидан дастакланиши ортидан кескин ёмонлашиб кетганди.

XS
SM
MD
LG