Линклар

Россиядаги ўзбек муҳожирлари иш берувчидан миллион рубль ундиришди


Ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари россиялик ҳуқуқ фаоллари ёрдамида “СК Инвест Строй” ширкатидан тўланмаган ойлик ҳисобидан миллион рублдан кўпроқ маблағ ундириб олдилар. Бу ҳақда “Гражданское содействие” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз сайтида хабар қилади.

Тўққиз муҳожирдан иборат қурувчилар бригадаси Москвадаги “Фрунзенская” метро бекати яқинида қурилаётган “Садовые кварталы” турар-жой мажмуасида 2015 йилдан бери ишлаб келган. Ширкат билан меҳнат шартномаси борлигига қарамай, ишчиларга ўтган йил октябридан ойликни қисман тўлай бошлаганлар, жорий йил январидан эса умуман тўламай қўйганлар.

“Гражданское содействие” қўмитаси муҳожирларни адвокат билан таъминлаган. Маҳкамадан сўнг Москва шаҳар Симонов туман суди ишчиларга ойликдан бўлган қарздан ташқари маънавий зарарни тўлаб бериш ҳақида қарор чиқарган. Ундирилган пул миқдори бир миллион 24 минг рублни ташкил қилган.

Қўмитанинг меҳнат муҳожирларига ёрдам лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Варвара Третякка кўра, суд ўзбекистонлик ва тожикистонлик ишчиларни замонавий қуллик қурбонлари ўлароқ эътироф этган. Шикоятчиларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилган, жумладан, улар Россия ҳудудида легал юриб, ишларини давом эттиришлари учун патент пуллари тўлаб берилган.

XS
SM
MD
LG