Линклар

Россия иқтисод вазири 2 миллион доллар пора олганликда айбланиб, қўлга олинди


Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаев.

Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаев.

Россия иқтисодий тараққиёт вазири Алексей Улюкаев ўтган ойда “Роснефть” ширкати томонидан “Башнефть” ширкати сотиб олинишига йўл очиб бериш учун 2 миллион доллар пора олганликда айбланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда 15 ноябрь куни Россия Тергов қўмитаси билдирди.

Улюкаев 1991 йилдан бери Россияда қўлга олинган энг юқори лавозимли расмийдир.

Улюкаев кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнларини назорат қилиб келади. Жумладан, вазир кузатуви остида ўтган ойда “Башнефть” 5 миллиард долларга ҳукумат бошқарувидаги “Роснефть”га сотилган эди.

Тергов қўмитасининг билдиришича, Улюкаев “Роснефть” харидига ҳукумат томонидан “ижобий” баҳо берилишини таъминлаган.

Президент Владимир Путинга тўғридан-тўғри ҳисобот берувчи қўмита тез кунларда вазирга расмий айблов қўйилишини билдирди.

Қўмита расмийси Reuters агентлиги булан суҳбатда: “Улюкаев сўроқ қилиниши ортидан тунда қўлга олинди”, деди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “ТАСС” агентлигига берган интервьюсида “бу жиддий айблов эканлиги”ни айтиб, мазкур иш бўйича суд қарор чиқаришини қўшимча қилди.

Улюкаев айбдор деб топилса, олган порасидан 100 баробар кўп жаримага тортилиши, муайян лавозимларда ишлашига тўсиқ қўйилиши ёки 15 йилгача қамалиши мумкин.

XS
SM
MD
LG