Линклар

Ўзбек муҳожири хотини уни ИШИДга қўшилишга ундаганидан арз қилди


"ИШИД хавфи"ни оширишда Россия ОАВи ўрни катта

"ИШИД хавфи"ни оширишда Россия ОАВи ўрни катта

Москванинг Жануби-Шарқий округида полицияга келган муҳожир хотини уни ИШИДга қўшилишга ва пойтахт метросида портлаш уюштиришга даъват этаётгани устидан шикоят қилди. Маҳаллий ахборот воситаларида тарқатилган бу хабарга кўра, эр-хотин полицияга келтирилган. Россияда эса ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибс этилаётган аёл ва эркаклар сони кўпаймоқда.

Лутфилло хотинидан арз қилди

2016 йилнинг 15 ноябрида Москванинг жануби-шарқидаги полиция бўлимларидан бирига Ўзбекистон ватандоши экани айтилган муҳожир ўз хотини устидан арз қилиб мурожаат қилди.

“Блокнот” нашри берган бу хабарга кўра, Лутфилло исмли меҳнат муҳожири рафиқаси уни ИШИД жангарилар гуруҳига аъзо бўлиш, боз устига “Москва метрополитенида террорчилик амалиётини уюштиришга” ундаган.

Аёлининг бу ниятларидан хавотирга тушган ўзбек муҳожири полицияга мурожаат қилишга қарор қилгани айтилди.

- Ҳозир бу шахс Экстремизмга қарши кураш марказига олиб келинди. Унинг рафиқасини ҳибсга олиш масаласи кўрилмоқда, деб ёзди “Блокнот” маҳаллий ҳуқуқ мухофазаси идораларидаги манбасига таянган ҳолда.

Ахборот агентлиги Лутфилло ва унинг хотини Ўзбекистон ватандошлари эканини хабар қилмоқда. Аниқланишича, бу шахс Россия Федерациясида ноқонуний яшаб келган, ўтган йилнинг ўзида полиция уни икки маротаба ҳибсга олган, аммо суд ҳар иккала маротаба уни мажбурий депортация қилмаслик тўғрисида қарор чиқарган. Нашрга кўра, оддий жарима билан вазиятдан қуруқ чиққан ўзбекистонлик мигрант Россияни тарк этишга ёки ҳеч бўлмаганда ҳужжатларни расмийлаштиришга шошилмасдан юраверган.

Шу орада Лутфилло Москвада уйланишга улгурган, иккита фарзандли бўлган.

Москва шаҳри Жануби-Шарқий округ бўйича ички ишлар бошқармасида Озодлик сўровига бундай хабар борасида маълумотга эга эмасликларини билдиришди.

Мумкин, бу бошқа округда содир бўлгандир. Биз бундай воқеа тўғрисида хабаримиз йўқ, деди полиция бошқармаси навбатчи офицери.

“Менинг хотиним террорчи!”

Бундан олдинроқ москвалик 65 ёшли Григорий Бриндинов ҳам ўзининг 60 яшар хотини устидан полицияга шикоят қилган эди.

Нафақахўрнинг айтишича, аёли “оилавий бюджетни яхшилаш мақсадида” уни ИШИДга қўшилишга мажбурлаган. Бриндинов ҳам Владимир Путин олиб бораётган сиёсатга қарши гапларни гапириб келган рафиқасини радикал оқимларга алоқадорлигини текшириш ва унга қарши жиноий иш очишни талаб қилиб келган.

Таъкидлаш жойизки, жорий йилнинг июн охирларида Россия парламенти “жиноят тўғрисида хабар бермаган” одамлар жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида қонун қабул қилган эди.

“Яровая қонунлари” деб ном олган янги тартибга кўра, ватандошлар “халқаро террорчиликдан” “Россия яхлитлигига қарши қуролли исён” борасида тинимсиз хабар бериб туришлари шартлигини белгилаб қўйилган эди.

Ўзбек муҳожирлари ҳам Москва метросида портлаш уюштиришда биринчи маротаба айбланаётгани йўқ. Ўтган йилнинг октябрида Россия пойтахтида 10 нафар мигрант, жумладан ўзбек муҳожири портлаш уюштиришда айбланиб қўлга олинган эди. Бироқ, бироз вақтдан кейин уларнинг аксари мутлақо айбсизлиги туфайли озодликка чиқарилгани тўғрисида хабар қилинганди.

Шунингдек, 2016 йилнинг июнида Тула шаҳар суди “террорчилик акти борасида ёлғон маълумот берган” 32 яшар Ўзбекистон ватандоши Қувончбек Абдиназаровни айбдор деб топиб, 15 минг рубллик жаримага тортган эди.

Абдуназаров 2016 йилнинг 21 март куни Туланинг Косая Гора қўрғонида ўз таниши билан спиртли ичимлик ичган ва тўсатдан Ўзбекистодан Москванинг Шереметьево аэропортига хотини учиб келаётганини эслаган. Ўз мобил телефонидан у “112 хизмати”га телефон қилган ва Шереметьево аэропортига террорчилар бомба қўйгани ва хотинига таҳдид қилаëтганини билдирган.

Террорчиликда айбланган муҳожирнинг аёли ҳибсга олинди

Сўнгги пайтларда Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан "Ислом давлати" жангариларига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинаётган ва жавобгарликка тортилаётган муҳожирлар сони кескин кўпайгани кузатилмоқда.

13 ноябр куни Россия ФСБси Нижний Новгородда отиб ўлдирилган, келиб чиқиши ўзбекистонлик экани тахмин қилинган Игорь Даурбековнинг рафиқаси Аннани ҳам ҳибсга олганини очиқлади.

Шу йилнинг 23 октябрида Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида мамлакат хавфсизлик кучлари махсус амалиёт пайти террорчиликда гумонланган икки одамни отиб ўлдиргани, яна бирини қўлга олгани тўғрисида хабар берилган эди. Ҳибсга олинган ва отиб ўлдирилган шахслар Ўзбекистон ватандошлари экани, бироқ кейинроқ улар Россия фуқаролигини қабул қилгани айтилди.

ФСБ хабарига кўра, Даурбековлар оиласида олиб борилган тинтув натижасида экстремистик адабиёт ва ИШИД байроғи топилган. Фсбчилар “жиноятчилар Нижний Новгородда қатор портлаш акцияларини уюштирмоқчи” бўлганини иддао қилмоқда.

Маҳаллий журналистлар бу шахсларнинг ИШИДга алоқаси борлигига жиддий шубҳа билдирди.

Айни дамда, Твиттер тармоғи орқали ИШИД Нижний Новгороддаги террорчилик амалиётига алоқаси борлигини тасдиқловчи ёзув пайдо бўлди.

“Amaq хабар киладики, икки нафар ИШИД жангчиси 23 октябр куни Нижний Новгородда қуролли ҳужум уюштирди”, дейилади Твиттер тармоғи орқали тарқатилган хабарда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG