Линклар

Россия энергетика вазири Москва ОПЕК таклифига бинонан нефть қазиб олиш кўламини озайтиришга тайёр эканлигини билдирди. Қозоғистон энергетика вазири эса ташкилот билан музокаралар давом этаётганини айтди.

16 ноябрь куни Россия энергетика вазири Александр Новак 30 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ОПЕКка аъзо мамлакатлар ҳамда бошқа йирик нефть қазиб олувчи давлатлар йиғинида нефть қазиб олиш кўламини музлатиш бўйича келишув имзоланишига ишонишини айтди.

Москва шаҳрида журналистлар билан учрашган Новак “Бундай шартномаларга эришиш бозорлар учун ижобий сигналдир. ОПЕКка аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан, Россия бозорда кўриладиган чоралар бўйича умумий қарор чиқаришда иштирок этади”, деди. “Менимча, шартномага эришиш эҳтимоли юқоридир”, дея қўшимча қилди вазир.

Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев “ТАСС” агентлигига берган интервьюсида ОПЕК билан музокара олиб бораётганини, аммо Қозоғистон бу йил ишлаб чиқариш кўламини етарлича озайтирганига ишонишини таъкидлади.

“Қозоғистон ишлаб чиқаришни аллақачон озайтирган. Озайтирганда ҳам сезиларли даражада озайтирди. Ўтган йилда тахминан 80 миллион тонна нефть қазиб олган эдик. Бу йил эса 76,5 миллион тонна нефть ишлаб чиқаримиз”, деди вазир.

Бозумбаев ишлаб чиқаришнинг умумий кўлами озайса-да, нефтга бой бўлган Қашағон конида ишлаб чиқариш ошишини айтди. “Чунки конга 50 миллиард доллардан ошиқ инвестиция қилган халқаро ҳамкорларимиз олдида ўз мажбуриятларимизга эгамиз”, деди вазир.

XS
SM
MD
LG