Линклар

"The Financial Times" Ўзбекистон ТИВ "Жаҳон" агентлигига раддия билдирди


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий “Жаҳон” агентлиги Ўзбекистон муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси ҳақида "The Financial Times" газетасида босилган реклама-мақолани газета таҳририяти номидан чиққан, дея нотўғри тақдим этган.

Британияда чиқадиган нуфузли нашр бу ҳақда баёнот берди:

"Бу мақола шу ой бошида газетамизда чоп этилди. "The Financial Times" газетхонларни рекламани кўраётганларига ишонтириш учун бунга ўхшаш реклама-мақолаларни аниқ белгилаб қўяди. Кўринишича, рекламанинг электрон имижига қўл урилган бўлиб, Ўзбекистон расмий ахборот агентлиги худди мазкур мақола FT нинг таҳририяти номидан чиққан, дея нотўғри намоён этган. Таҳририятимиз мазкур ахборот агентлигидан хатони тўғрилаб қўйишни сўрайди", - дейилади баёнотда.

Шу ҳафта бошида "Жаҳон" ахборот агентлиги "Электрон ҳукумат ишончли демократиянинг чуқурлашуви ва давлатнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади", сарлавҳали мақолани чоп этган эди.

"The Financial Times" газетасига кўра, бу реклама мақоладир ва Ўзбекистон томони бу рекламани газетада жойлаштириш учун пул тўлаган.

Лекин, "Жаҳон" агентлиги ўз мақоласида буни халқаро майдондаги эътироф сифатида талқин қилган ва "The Financial Times" Ўзбекистон Бош вазирининг Электрон қабулхонаси яратилиши ҳақида маълумот беради", деб ёзган.

Ҳозирда "The Financial Times" газетаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлигидан бу хатони тўғрилаб қўйишни сўрамоқда.

XS
SM
MD
LG