Линклар

logo-print

Иш ҳақини ололмаётган ўзбеклар совуққа қолди


Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожири

Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожири

Қозоғистоннинг Оқтўбе шаҳрида қолаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бир неча ойдан бери иш ҳақини ололмаётир. Ишсиз ўтирган наманганлик муҳожирлар ёрдам сўраб Озодликка мурожаат қилди. Бригада бошлиғи ўз ишчиларига меҳнат ҳақини беролмагани сабабли жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан гапирди.

Ўзбекистон ташқарисида ишлаб, оиласини боқаётган кўплаб меҳнат муҳожирларидан иш ҳақи берилмаётгани тўғрисида кўплаб шикоятлар келиши давом этмоқда. Уларнинг аксар қисми Россияда бўлишига қарамасдан, Қозоғистоннинг турли ўлкаларида ишлаётган мигрантларга ҳам бир сўм топиш осонга тушмаётган кўринади.

Озодлик таҳририятига WhatsApp тармоғи орқали Қозоғистондан қуйидаги мазмунда хат келди.

“Ҳурматли Озодлик радиоси раҳбарияти. Сизларга ёрдам сўраб Қозоғистоннинг Оқтўбесидан ёзаяпмиз. 57 кундан бери уйимизга кетолмаяпмиз. “Пулни душанба куни бераман”, деб алдайверади иш берувчи”, дейилади WhatsApp хабарида.

Озодлик мухбирлари билан суҳбатда ўзини Мирзоулуғбек Абдураҳмонов деб таништирган йигит совуқ тушиши ортидан йигитлари билан оғир аҳволда қолганини гапириб берди.

- Оқтўбедамиз. 57-58 кун бўлди пулимизни ярмисини берганига, кутиб ётибмиз қолганини совуқ жойда. Актюбинскка мен ўзим келганимга 7 ой бўлаяпти. Фирмада оз-моздан бериб келганди, охирида бермади. Бу ерда 5 киши қолиб кетдик. 2 ой бўлади – совуқ уйда ётибмиз. Кетайлик десак – пул муаммо. “Душанба берамиз, сешанба берамиз!” қилиб юрибди, дейди суҳбатдош.

Наманганлик бригадир-устанинг айтишига кўра, маҳаллалардан бирида спорт мактаби қурилишига у Ўзбекистондан 20 кишини ёллаган.

“Ҳозирда уйга кетган боллар мени устимдан ёзиб ётибди”, дея давом этади Мирзоулуғбек.

- Бошида 20та бола чақиртирганман. Ҳозир у боллар кетиб, мени устимдан ариза ёзаяпти. Энг ками ишлаган бир бола 40 кун ишлаган. Бу ерда яна 5та бола қолган. Жавобгар бўлиб мен қолаяпман. 7 ой бўляпти – уйга боролмайман, пулини беришим керак. Бизларни ҳимоя қиладиган ташкилот борми, деб ҳаракат қилаяпмиз, дея тушунтириш берди уста Мирзоулуғбек.

Наманганлик усталар иш берувчи билан шартнома йўқлиги сабабли бирор идорага мурожаат қилишдан фойда йўқлигига ишонишини айтди. У ширкат бошлиқлари маҳаллий ҳуқуқ-муҳофазаси идораларида “таниш-билишлари“ ёрдамида бундай арз-шикоятларни ёпти-ёпти қилиб юбораётганига гувоҳ бўлганини маълум қилди.

Мирзоулуғбек улардан олдин ишлаган 30 нафар хоразмлик меҳнат муҳожирлари ҳам 5 миллион тангани ташкил этувчи иш ҳақини ололмаётганини билдирди.

Ўзбек муҳожирлари Оқтўбега келганидан буён Наманганда қолган оилаларига пул жўната олмаган.

Ўзбек муҳожирлари Қозоғистонга пахта тергани ҳам боради

Ўзбек муҳожирлари Қозоғистонга пахта тергани ҳам боради

Аниқланишича, ўзбек муҳожирлари бригадаси “Урал-строй” қурилиш ширкати томонидан ёлланган.

Бу фирма 1985 йилда туғилган Александр ва 1987 йилда туғилган Жонпўлат деган маҳаллийлар томонидан тузилган бўлиб, тендер асосида Оқтўбедаги бюджет иморатлари қурилишини ўз зиммасига олган.

Озодлик билан суҳбатда ширкат раҳбари Александр ўзбек муҳожирларини ўз ишини охиригача бажармаганликда айблади.

- Биз бу йигитларни турли ишларга жойлаштирдик. Бу йигитлардан бир қисми билан бир неча маротаба тортишиш-сўкишлар бўлди – спиртли ичимлик ичишар экан, ишламас экан. Бу ерда қолаётган болларга мен яна иш таклиф қилдим – улар рад жавобини берди, пули чиқишини кутиб ётибди. Ҳеч қанақасига уларга 10 минг доллар қарз эмасман. Лекин, кимни пули қолган бўлса мендан албатта олишади. Унга мен сўз бераман, дея яна ваъда берди ширкат раҳбари Александр.

Ширкат бошлиғи ҳозирча бош пудратчи томонидан пул ўтказилмагани сабабли ўзбекларнинг меҳнат ҳақи кечиктирилаётганини тушунтиришга уринди.

Озодлик вазиятни кузатиб боради.

Қозоғистонда ўзбек муҳожирларига иш ҳақини бермаслик ҳолатлари тўғрисида олдин ҳам Озодлик хабар берган.

Бундай ҳолат айниқса Россияда оммавий тус олгани кузатилмоқда.

Россия ва у билан иқтисодий-сиёсий жиҳатдан боғланган қўшни мамлакатларда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз иш берувчи ташкилотларни, айниқса банк тизимига боғланган қурилиш фирмаларини ҳам оғир аҳволда қолдирди.

Аммо, унданда мураккаб иқтисодий вазиятда бўлган Ўзбекистонда иш топа олмаётган ватандошлар иш излаб бошқа давлатларга кетишга мажбур бўлмоқда.

Бугунги кунда 3-4 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида экани айтиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG