Линклар

logo-print

АҚШ президентлик сайловида ғолиб чиққан Дональд Трамп ўзи учун миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб танлаган Майкл Флинн Вашингтон Туркия билан алоқаларни яхшилаш учун Анқара июль ойида давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишда айблаётган дин пешвоси Фатҳуллоҳ Гуланни экстрадиция қилиши кераклигини айтди.

Нафақадаги генерал-лейтенант Флинн 18 ноябрь куни The Hell газетасидаги блогида Гуланни “Пенсильванияда истиқомат қилувчи шубҳали мулла” дея таърифлаб, у “яширин исломий ражаларга эга” эканлигини таъкидлади.

“Гуланнинг йирик глобал тармоғида уйқудаги хавфли террор тармоғининг барча элементлари бор. Туркия қарашларига биноан, Вашингтон Туркиянинг Усама бин Ладенига бошпана бериб қўйган. Биз уни бошпана билан таъминламаслигимиз керак”, деб ёзди Флинн.

Флинн Гулан тарафдорлари Трампнинг рақиби Ҳиллари Клинтоннинг глобал хайрия ташкилоти бўлмиш “Ҳиллари жамғармаси”га маблағ ажратганини ҳам айтиб ўтди.

“Туркиянинг аҳамиятига янги назар билан боқиш вақти келди. Биз Туркиянинг аҳамиятини англаб етиш учун хорижий сиёсатимизни ўзгартиришимиз керак. Дунёга Туркия назари билан қарашимиз керак”, деб ёзди Флинн.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Трамп ғалабасини Анқара-Вашингтон алоқаларидаги “янги давр” ўлароқ олқишлади. Эрдўғон 8 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловдан бери АҚШдан Гуланни экстрадиция қилишни янада қаттиқроқ талаб қилмоқда.

Обама маъмурияти Туркия илтимоси бўйича Адлия департаменти қарор чиқаришини таъкидлаб келади. Бу эса Эрдўғон ғазабига сабаб бўлган.

АҚШда Гуланга ҳеч қандай айблов қўйилгани йўқ. Руҳоний ва унга тегишли ташкилот ва мактаблар терроризм ҳамда июль ойидаги тўнтариш урунишини қоралаб келади.

Гулан ҳуқуқшуносларидан бири Жейсон Уэйнштейн Флиннинг Гулан ҳақидаги шарҳларини “хавотирли” дея таърифлади, аммо АҚШ бу масалага адолат билан ёндашишига ишошинини билдирди.

“Биз қонунга амал қилинади ҳамда сиёсатчилар [Адлия департаментидаги] тажрибали расмийлар қарор чиқаришида аралашмайди, дея ишонамиз ва умид қиламиз. Агар қонунга амал қилинса, жаноб Гулан Туркияга қайтарилмаслигига ишонамиз. У ерда уни қийноққа солишлари, сохта суд қилишлари ва қатл этишлари аниқ”, деди Уэйнштейн.

(Нодир Отаев таржимаси)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG