Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Жиззахда пластик картага ўзбек уни сотиб олишнинг имкони бўлмай қолди


Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл, Арнасой туманларида пластик карточкага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган унни сотиб олишнинг имкони бўлмаяпти. Бу туманларда яшайдиган Озодлик тингловчилари сўзларига кўра, ўзбек уни савдога жуда ҳам кам чиқариляпти, дўкончилар эса фақат нақд пулга савдо қилишини айтмоқдалар. Ойлик маошини юз фоиз пластикка оладиган ишчилар эса, анча қиммат нархдаги Қозоғистон унини сотиб олишга мажбур бўлишяпти.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган устанинг айтишича, бозордаги дўконларда шу туманнинг ўзидаги комбинатда ишлаб чиқарилган унни топишнинг имкони бўлмай қолди:

- Мана уйимнинг олдидаги комбинатда ун ишлаб чиқарилади. Душанба куни бозорга бориб пластик карточкага ун ололмадим. Ҳамма дўконда ҳам ўзбек уни йўқ. Бир-иккита дўконда бор экан, фақат нақд пулга сотамиз деяпти. Бир қопини 75 минг сўм деяпти. Пластикка 80 минг сўмга ҳам бермаяпти, "ака, пластикка умуман сотмаймиз", дейди. Мажбур бўлиб қозоқ унини пластикка 135 минг сўмга сотиб олдим, дейди суҳбатдош.

Устанинг айтишича, у бу ҳақда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бир неча бор қўнғироқ қилган, лекин жавоб ололмаган:

-Уч кун подряд телефон қилдим. 210 00га ҳам қилдим, 10 00га ҳам қилдим. Ўзбек тилида мурожаат қилмоқчи бўлсангиз 1ни босинг дейди, 1ни босаман, кейин телефон рақамингизни қабул қилдик, ўзимиз сизга чиқамиз, дейди. Тамом, бошқа жавоб йўқ. Берадиган ойлиги 600 минг сўм. Биз ўзимизда ишлаб чиқарилган унни пластикка ололмасак, нима қилайлик? 600 мингни нақд қилай десак энг камида 20 фоизини беришим керак. Мен ойлигимни бешдан бир қисмини нега бировга беришим керак? Жудаям алам қилиб кетяпти", деди жиззахлик уста.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида истиқомат қиладиган тракторчи Ҳайдар ака ҳам, дўконларда пластик карточкага ўзбек уни сотилмаётганини айтади:

“Бизда ҳам ҳеч қаерда пластик карточкага ун йўқ. Фақат нақд пулга. Бизку у бу одамнинг ерини ҳайдаб нақд пул топамиз, лекин нуқул маошга ишлайдиган одамларга қийин бўлди. Бозордаги нақд пулга олишингиз мумкин бўлган молни, пластикка 20 фоиз қимматига оласиз. Бошқа иложингиз йўқ”, деди тракторчи Ҳайдар ака.

Озодлик Дўстлик дон маҳсулотлари ҳиссадорлик жамиятига қўнғироқ қилиб, нега туманларда ун тортилиб қолгани сабабини сўради.

Ўзини таништирмаган мулозимнинг айтишича, завод бир меъёрда ишлаяпти ва ҳар куни белгиланган нормада ун ишлаб чиқариляпти:

“Биз керагича ун ишлаб чиқаряпмиз, унинг реализацияси эса бизнинг вазифамиз эмас”, деди мулозим.

Ўзбекистонда оғирлашиб бораëтган нақд пул тақчиллиги боис маоши тўлиғича пластик карточкага ўтказилган ишчи ва хизматчиларига нақдсиз тўловларнинг ҳам ойлаб кечикаëтгани кузатилмоқда.

Айни пайтда¸ нақд ва нақдсиз маош бера олмай қолган ҳудудларда ойлик ўрнига лампочка, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозордан анча қиммат нархда тарқатилаëтгани ҳақида маълумотлар бор.

Хусусан¸ жорий йилнинг май ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус туманидаги мактаб ўқитувчиларига маош ўрнига жўжа берилган эди.

XS
SM
MD
LG