Линклар

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Ўзбекистон томони турк ватандошларига визани бекор қилиши мумкинлигини айтди. 17-18 ноябрь кунлари президент Режап Таййиб Эрдўғон бошлиқ делегация таркибида Ўзбекистонга борган Човушўғли ​Анқарада шанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида Ўзбекистон билан муносабатларда янги бир саҳифа очилгани ва Тошкент турк ватандошларга визани бекор қилишини таъкидлади.

Туркияда чиқадиган “Haber Turk” нашрига кўра, мамлакат ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Ўзбекистонга сафаридан сўнг журналистлар олдидаги илк чиқишида “Биз Ўзбекистон ватандошларига визани бекор қилдик. Ҳозир Ўзбекистон билан муносабатларда янги бир саҳифа очдик. Ўзбекистон ҳам бизни ватандошларга иншоллоҳ визани бекор қилади", деб айтган.

Лекин Туркия Ташқи ишлар вазири Човушўғли Ўзбекистон томони турк ватандошларига визани қачон бекор қилиши, бу борада конкрет келишувга эришлган ёда эришилмагани борасида аниқ гап айтмаган.

Туркия Ташқи ишлар вазири 17-18 ноябрь кунлари президент Режап Таййиб Эрдўғон бошлиқ делегация таркибида Ўзбекистонга борган.

Самарқандда президент Эрдўғон Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёев билан сал кам уч соат давомида мулоқот қилгани ҳақда Туркиянинг расмий "Анадолу" ахборот агентлиги хабар қилган эди.

Бу Туркия президентининг ўтган 16 йил ичида Ўзбекистонга қилган илк сафари бўлди.

Самарқанддаги музокаралар сўнггида эълон қилинган расмий билдирувда томонлар икки мамлакатнинг бугунги муносабатлари Ўзбекистон ва Туркиянинг имконият ва салоҳиятига мос эмаслиги, ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиши масалалари юзасидан батафсил фикр алмашиши учун қулай имконият бўлгани қайд этилди.

Туркия сайёҳларни ўз мамлакатига жалб этиш учун дунёнинг аксарият давлатлари билан, жумладан Ўзбекистон билан ҳам виза тизимини бекор қилган.

2007 йилдан буён амалда бўлган визасиз режим шартларига мувофиқ, Ўзбекистон ватандошлари Туркияга визасиз боришдан ташқари, бу давлат ҳудудида бир ойгача қолишлари ҳам мумкин.

Тошкентда 1999 йил феврал портлашлари ортидан Ўзбекистон Туркия фуқаролари учун виза тартиби жорий этди ва Туркия ҳам бунга шу тарзда жавоб қайтарди.

2007 йилгача ўзбекистонликлар турк визаси олиш учун элчихонада 60 доллар миқдорида бадал тўлаб келишган.

Гарчи Туркия 2007 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилган эса-да, расмий Тошкент ҳозир ҳам Туркия фуқароларидан виза талаб қилади.

Ўзбекистон томони ҳозирча турк ватандошларига виза бекор қилиниши ҳақида расмий баёнот бермаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG