Линклар

Ўзбекистонда қўлга олинган қирғизистонлик отбоқар ватанига қайтарилди


Иллюстратив сурат.

Иллюстратив сурат.

Бир ой муқаддам 24 та оти билан ўзбек-қирғиз чегарасидан ноқонуний ўтгани учун қўлга олинмиш жалолободлик отбоқар Қирғизистонга қайтди. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати қирғиз ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатхонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 21 октябрь куни Жалолобод вилоятидаги яйловда ўтлаб юрган отлар Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган. Отлар ортидан Наманганнинг Ҳазрати Шоҳ участкасига ўтиб қолган отбоқар ўзбек чегарачилари томонидан тутилган.

Икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги келишувга мувофиқ, ўзбек чегарачилари 19 ноябрь куни қирғизистонлик А. Бўрўнбаевни Қирғизистон ҳудудига ўтказиб қўйган.

Жорий йил бошидан бери Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан Ўзбекистон ҳудудига 160 бош қорамол ўтгани, музокаралар натижасида улардан 148 боши қайтарилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG