Линклар

Қирғизистонда президентга импичмент эълон қилишмоқчи


Суратда: Чапда парламент депутати Ўмурбек Текебаев, ўнгда президент Алмазбек Атамбаев.

Суратда: Чапда парламент депутати Ўмурбек Текебаев, ўнгда президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистонда президент Алмазбек Атамбаевга импичмент эълон қилиш юзасидан ҳужжатларни тўплаш жараёни бошланди. Бу ҳақда қирғиз парламентидаги “Ата Мекен” фракцияси раҳбари Ўмурбек Текебаев 22 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида баёнот берди.

“Ата Мекен” партияси раиси, парламент депутати Ўмурбек Текебаевнинг айтишича,Атамбаев ва унинг атрофидаги одамлар ҳокимиятни узурпациялашга ҳаракат қилмоқда ҳамда мухолифатга босим ўтказиб келмоқда.

- Президент ўзининг холис бўлиш ва ҳакамлик мажбуриятларидан бош тортиб, фақат битта сиёсий кучга таяниб қолгани ҳаммага аён. Асосийси президент ва унинг атрофидагилар конституцияда белгилаб берилган ваколатларидан четга чиқиб, барча давлат органлари ишига аралашиб келаётгани тўғрисида аввал ҳам гапирганман. Бу борадаги материалларни биз тўплай оламиз. Импичмент тўғрисида айтадиган бўлсам, бунинг учун 60 депутатнинг овози керак бўлади. Агар тегишли сиёсий вазият юзага келса, импичмент учун депутатларнинг 70 нафари овоз беришига ишонаман, - деди Текебаев.

“Қирғиз конституциясининг отаси” мақомига эга бўлган Текебаев импичмент эълон қилишга тайёргарлик жараёни 2-3 ой вақтни талаб этишини билдирди.

"Ата Мекен” лидери фаолларни, нодавлат ташкилотларини ва парламент депутатларини импичментга тайёргарлик жараёнига кўмак кўрсатишга чақирди.

Текебаевнинг мазкур баёнотига жавобан президент Атамбаев мансуб бўлган социал демократлар партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Иса Ўмуркулов Алмазбек Атамбаевни “Юрт отаси”, деб атади.

Бунга қадар президентлар Ўзбекистонда юртбоши, Қозоғистонда эл боши, Туркманистонда туркманбоши деб аталиб келган бўлсада, Қирғизистонда ҳеч ким собиқ президентларга бундай мақомни изҳор қилмаган эди.

-Президент барча сиёсий кучларга холис муносабатда бўлиб келмоқда. Яъни президент юрт отаси бўлиб қолди. Президент конституциянинг гарантидир. У ўз президентлик ваколати якунланганидан сўнг ҳокимиятда қолмаслигини айтмоқда. Ҳукуматда турли партия вакиллари бор. Албатта, олий мансабдорлар орасида партиямиз сиёсий кенгашига аъзо бўлган одамлар бор. Лекин улар партия сиёсий кенгаши аъзоси вазифасини фақат дам олиш кунлари амалга оширади, - деди Иса Ўмуркулов.

Конституцияга биноан импичмент эълон қилиниши учун депутатларнинг учдан бир қисми ташаббусни қўллаши ва махсус комиссия ташкил этиши лозим. Бироқ мухолифатдаги “Бутун Қирғизистон” партияси раиси Адахан Мадумаров амалдаги парламент Атамабаевга импичмент эълон қилишига ишонмайди:

-Президентга импичмент эълон қилиш учун барча асослар мавжуд. Бироқ бугунги парламент бу ишни амалга ошира олмайди. Амалдаги парламент фақат ўз қорнидан бошқа нарсани ўйламайдиган, давлат манфаати учун бир ишни амалга ошира билмайдиган тузилмадир. Прламент президентга импичмент эълон қилиш салоҳиятига эга бўлгунича халқнинг ўзи уйғониб, хулоса чиқариб қўя қолади. Биз бу йўналишда қатор сиёсий кучлар билан сўзлашувлар олиб бораяпмиз, -деди Адахан Мадумаров.

Ўмурбек Текебаев 22 ноябрда Бишкекда ўтган матбуот анжуманида президентга импичмент эълон қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тўплаш жараёни бошланганини билдирди. Унга кўра, президентнинг расмий баёнотлари, кўрсатмалари, оғзаки ва ёзма равишда берган буйруқлари импичмент учун асос бўлади.

Қирғизистон президенти ва мухолифати ўртасидаги сиёсий жанжалнинг тарихи Атамбаев жорий йил 31 августида, яъни Мустақиллик кунида сўзлаган нутққа бориб тақалади. Ўшанда Атамбаев ўзи билан бирга 2010 йил 7 апрель инқилобини амалга оширган сафдошларини, жумладан, собиқ президент Роза Ўтунбаевани кескин танқид қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG