Линклар

Ўзбекистон АКТни ривожлантириш рейтингида постсовет мамлакатлари орасида фақат Қирғизистондан олдинда


Ўзбекистон 4,5 кўрсаткич билан Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш индексида 110-ўринни эгаллади. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро электроалоқа иттифоқи (ХЭИ) йиллик ҳисоботига таяниб, газета.уз хабар қилди.

ХЭИ маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг ҳар 100 нафарига 8,4 дона стационар телефон ускунаси ва 73 мобиль алоқа абоненти тўғри келади.

Халқаро интернет каналининг ўтказувчанлик имконияти бир фойдаланувчи ҳисобига 2075 бит/с ни ташкил этди.

Ўзбекистонда 43,2 фоиз уй хўжаликларида компьютер мавжуд бўлса, уларнинг 52,6 фоизи интернетга уланган. Ўтган йил билан солиштирилганда, ўсиш кўрсаткичи мос равишда 5 ва 8 фоизни ташкил этди.

Ҳисоботда қайд этилишича, тезкор кенг полосали интернетга уланиш кўрсаткичи ҳар 100 кишига 3,57 абонентни ташкил этган. Мобиль интернетнинг фаол фойдаланувчилари сони эса 4 фоизга кўпайиб, 28,69 фоизга етган.

Собиқ Иттифоқ мамлакатлари ичида Беларусь — 31, Россия — 43, Қозоғистон — 52, Озарбайжон — 58, Арманистон — 71, Грузия — 72, Украина — 76, Қирғизистон — 113- ўринни банд этган.

Бу йилда АКТ ривожланиш индексида биринчи ўринни ўтган йилдагидек Корея Республикаси эгаллади. 175 мамлакат ўрин олган рўйхатдан биринчи бешталикни Исландия, Дания, Швейцария ва Буюк Британия тўлдирган.

ХЭИ экспертлари фикрича, янада тезкор, кенг тарқалган, очиқ ва «мазмундор» интернет одатий ҳаёт, мулоқот ва бизнес юритиш тартибларини ўзгартиради, одамлар, ҳукуматлар, ташкилотлар ва хусусий сектор учун улкан қулайлик ва имкониятларни тақдим этади. Бироқ ҳамон кўплаб инсонлар интернетдан фойдаланмайди ёки унинг имкониятларидан тўлақонлик фойдалана олмайди.

XS
SM
MD
LG