Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

Афсонавий ўзбек футболчиси Равшан Юнусов вафот этди


Равшан Юнусов ёш футболчилар даврасида.
Равшан Юнусов ёш футболчилар даврасида.

Тошкентда афсонавий “Пахтакор” футбол жамоасининг ўйинчиси Равшан Юнусов вафот этди. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида Равшан Юнусов Ўзбекистонда миллати ўзбек бўлган уч-тўрт нафар футболчилардан бири эди. Равшан Юнусов ўз даврида СССРнинг энг машхур футбол жамоаларида ҳам тўп сурган.

Афсонавий футболчи Равшан Юнусовнинг вафот этгани ҳақида Футбол федерацияси ёки бошқа тегишли расмий идоралар маълумот бергани йўқ. Бу ҳақда расмий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинмади.

Футбол ишқибозлари ўтган асрнинг 60-йилларида миллати ўзбек бўлган тўрт нафар ўзбек футболчиларидан бири вафот этгани ҳақида ўзбекистонлик спорт журналисти Мавлон Шукурзоданинг facebook саҳифасидан хабар топдилар.

Мавлон Шукурзода фикрича, Равшан Юнусов вафоти ортидан “Пахтакор”нинг 60-йиллардаги тарихининг бир қисми ҳам йўқолди.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам Озодликка афсонавий футболчининг вафот этганини тасдиқлади. Футбол Федерацияси расмийсининг айтишича, Равшан Юнусов 23 ноябрь куни оламдан ўтган.

-У амаки ўтиб қолдилар. Ўтган куни Кўкча қабристонига дафн қилинди. Бошқа тафсилотларини билмайман,- деди футбол расмийси.

Равшан Юнусов “Пахтакор” жамоаси сафида СССР чемпионатида иштирок этган. Бундан ташқари ўзбек футболчиси Ленинграднинг “Зенит”, Москва ва Киевнинг “Динамо”, Арманистоннинг “Арарат” футбол жамоаларида ҳам ўйнаган.

Ўзбекистонлик футбол ишқибози, жамоат фаоли Абдусалом Эргашев Равшан Юнусовни “Ўзбекларнинг ифтихори эди”, деб эслайди.

- Пахтакор бизнинг миллий ғуруримиз эди. Ўша пайтларда уч ёки тўрт нафар миллатдошимиз бу жамоада ўйнарди. Аккмал Азизхўжаев, Эркин Абдураимов, Равшан Юнусовлар жуда яхши тўп суришган. Энди ўша пайтларда СССР даври эди, шунинг учун мураббийларнинг кўпчилиги руслардан бўларди. Футбол жамоалари асосан руслардан иборат бўларди,-деб эслайди Абдусалом Эргашев.

Спорт журналисти Мавлон Шукурзода Озодликка микрофонсиз берган суҳбатида, Равшан Юнусов афсонавий дарбозабон Лев Яшин ҳимоя қилаётган дарвозага тўп киритишга муваффақ бўлган кам сонли футболчилардан бири эканини айтди.

Совет Иттифоқи социалистик меҳнат қаҳрамони унвонига олган Лев Яшин ФИФА ва жаҳон футбол жамоатчилиги томонидан 20-асрнинг энг буюк дарвозабони мақомига сазовор бўлган.

-Мен бу ўйинни кўрганман. Лев Яшин ҳақиқий афсона эди. Ўзи “Динамо-Киев” жамоасида даврозабон эди, лекин СССР терма жамоаси дарвозасини якка ўзи қўриқлар эди. Анча-мунча футболчи унинг дарвозасига тўп ура олмас эди. Лекин Равшан Юнусов “Пахтакор”нинг “Динамо-Москва” билан бўлган ўйинида унга гол киритган ва бу билан ўзбек футбол ишқибозларини жуда хушнуд қилган эди, -деб эслайди Абдусалом Эргашев.

Спорт журналисти Мавлон Шукурзода Равшан Юнусов бу тарихий гол ҳақида гапириб берганини эслар экан, Озодликка мана буларни айтди:

-Равшан ака: “Мен 1968 йилда “Пахтакор” учун ўйнар эканман учта гол урдим. Мен, айниқса, биринчи голимни жуда яхши эслайман. Бу воқеа 1968 йилнинг 10 апрелида бўлган эди. Одамлар билан лиқ тўла “Динамо” стадионида ўйиннинг 51-дақиқасида Красницкий менга узатган тўпни машхур дарвозабон Лев Яшининг дарвозасига киритдим. Ўшанда биз ўйинни 1:1 ҳисобида якунлаган эдик. Ўшанда “Динамо”нинг барча ўйинчилари Красницкийга эътибор қаратиб, бизни эсларидан чиқариб қўйганди”, деб эслаган эди.

Мавлон Шукурзодага кўра, Равшан Юнусов оғир ўпка хасталиги оқибатида вафот этган.

XS
SM
MD
LG