Линклар

logo-print

Тожикистон ҳукумати "Озодлик"нинг олти журналистини аккредитациядан маҳрум қилди


Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги Озодлик радиоси тожик хизматининг олти нафар журналисти аккредитациясини бекор қилди.

Журналистлардан бирининг айтишича, вазирлик мулозими 25 ноябрь куни телефон қилган ва президент Эмомали Раҳмоннинг қизи юқори лавозимга тайинлангани ҳақидаги мақоланинг Озодлик сайтидан олиб ташланмагани сабаб, журналистлар аккредитациядан маҳрум этилганини айтган.

Аён бўлишича, бундан аввал вазирлик мулозими Озодлик таҳририятидан мақолани беш дақиқа ичида олиб ташлашни сўраган, акс ҳолда таҳририят журналистлари аккредитациядан маҳрум этилиши ҳақида огоҳлантирган.

Озодлик радиоси тожик хизматига кўра, Раҳмоннинг қизи Рухшона Раҳмонга вазирликда юқори лавозим берилгани ҳақидаги хабар ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги билдирувга асосан ёзилган.

Қолаверса, бу хабарни вазирликдаги бошқа манба ҳам тасдиқлаган.

Бу Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик таҳририятига сўнгги ҳафталардаги иккинчи аралашуви бўлган.

6 ноябрь куни вазирлик Озодлик таҳририятига телефон қилиб, АҚШ фуқароларининг Тожикистонга сафар қилмай туришликлари ҳақидаги АҚШ Давлат департаменти огоҳлантируви ҳақидаги мақолани ҳам олиб ташлашни сўраганди.

XS
SM
MD
LG