Линклар

Истанбулда қўлга тушган $ 9,5 миллионнинг 5 миллиони “Тошкент Голд” ширкатига тегишли


Истанбулнинг Ота Турк аэропортида 18 ноябрь куни қўлга туширилган 9,5 миллион долларнинг 5 миллион 359 минг доллари Туркияда фаолият юритувчи “Тошкент Голд” ширкатига тегишли экани маълум бўлди. Аввалроқ Туркия расмийлари Озодликка, Отатурк аэропортида 9,5 миллион доллар билан ушланганлар “гуланчи”лар фойдасига валюта контрабандасида гумон қилинаётганини билдирганди. Қўлга олинган 7 кишининг бири Ўзбекистон, яна бири Қирғизистон, қолганлари Туркия ватандошлари экани айтилган.

Ота Турк аэропортида 18 ноябрь куни 7 киши Истанбулга олиб ўтишга ҳаракат қилган оғирлиги 100 килограмм бўлган 9,5 миллион долларнинг 5 миллион 359 минг доллари “Тошкент Голд” ширкатига тегишли экани ҳақида турк матбуотига ширкат раҳбари Исмоил Қашқарий маълум қилган.

Озодлик радиоси мухбирининг шахсан Исмоил Қашқарий билан боғланиш учун бир неча кун мобайнида қилган ҳаракатлари самарасиз якунланди. Бироқ Исмоил Қашқарийнинг адвокати Уур Черекчи 9,5 миллион доллар миқдоридаги маблағ Истанбулга Қирғизистон ватандоши Дайирбек Тўйганбаев томонидан қонуний равишда олиб келинганини иддао қилди:

-Дайирбек Тўйганбаев Туркияга пул билан кириб келганида декларацияни тўлдирган. Аэропортдагилар қўлга олинган қирғиз ватандошларини Бақирқўй прокуратурасига жўнатиган. У ерда ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар ошкор бўлмаганидан сўнг полиция ишни Адлия вазирлигининг Истанбул бошқармасига оширган. Қонунга мувофиқ тергов муддати 29 кунга узайтирилиши мумкин. Очиғини айтганда, катта миқдордаги пулни кўрган турк кучишлатар тузилмалари ходимлари бу пулни ўзиники қилиб олиш учун ҳар ҳил фитналарни ўйлаб топмоқда. Бунинг оқибатида Дайирбек Тўйгунбаев ва унинг ортидан бошқалар ҳам қамоққа олинди, - деди адвокат Черекчи.

Унга кўра, Истанбулдаги “Тошкент Голд” формасининг раҳбари Исмоил Қашқарий ҳам қамоққа олинган. Қашқарий қамоққа олинишидан олдин Yenisafak газетасига 22 ноябрь куни интервью беришга улгурган.

Yenisafak газетасининг билдиришича, 9.5 миллион долларнинг 5 миллион 359 мингги “Тошкент Голд” фирмасига, қолган қисми эса Истанбулда фаолият юритаётган бошқа 4 ширкатга жўнатилган. Исмоил Қашқарий бу пул ҳисобидан Марказий Осиёга товар жўнатиши кераклигини, пулни олиб келган йигитлар билан бер неча йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келганини ва “гуланчи”ларга мутлақо алоқаси йўқлигини айтган.

Истанбулнинг Бақиркўй тумани прокуратураси матбуот хизмати вакили эса Озодлик радиосига қўлга олинганлар “гуланчи”лар фойдасига “валюта контрабандасида гумон қилинмоқда", деб билдирган эди.

Бироқ Yenisafak газетаси ҳам, адвокат Черекчи ҳам “Тошкент Голд” ширкатининг Ўзбекистонга қай даражада алоқадорлиги тўғрисидаги саволларга ҳозирча жавоб топа олмаган.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси эса 9 миллион 500 минг АҚШ доллари солинган сумкаларни кўтарган йўловчилар Тошкент-Истанбул авиарейсида учиб келганини айтган эди. Манбаларнинг айтишича, улар “пул ташувчи курьер” бўлган.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги консулхонаси вакили Руслан Молдакунов мазкур воқеанинг тергов қилиниши билан боғлиқ айрим ҳолатларни маълум қилди:

-Қўлга олинган қирғиз ватандошлари пуллар кимларга тегишли эканини айтишмаяпти. Турклар эса “Биз уларни фақат кутиб олгани боргандик”, дейишмоқда. Пулни Истанбулга кимлар жўнатганини айтишмаяпти. Бу пулни олиб келганлар эса, пул ўзларига тегишли эканини, банк ҳисобларида шунча пул мавжуд бўлганини исботлай олмаганлари учун ҳибсда қолмоқда. Шунинг учун тергов жараёни қанчага чўзилиши номаълум бўлиб турибди, - деди Руслан Молдакунов.

Мутахасислар фикрича, Туркия билан ҳамкорлик қилаётган тадбиркорларнинг асосий қисми юк ташувчи карго фирмалар хизматидан фойдаланади. Бу фирмалар орқали тадбиркорлар бир-бирларига товардан ташқари катта миқдордаги пулларни ҳам жўнатиб туришади.

Бироқ 18 ноябрда қўлга олинганлар Туркия ҳукумати 2016 йил июлидаги давлат тўнтаришига уринишда айблаб келаётган Фатҳуллоҳ Гуланга алоқадорликда гумонланмоқда. Айни пайтда Гулан диний ташкилоти Туркиядан бошқа аксар давлатларда террорчи ташкилотлар рўйхатига тиркалмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG