Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:57

Ислом Каримов: "Уларда онамни йўқ қилиш режаси бор"


Ўзбекистоннинг марҳум президенти невараси Ислом Каримов ўзбек махфий хизматини онаси Гулнора Каримовани ўлдиришни режалаётганликда айблади. Бобоси вафотидан салкам уч ой ўтиб Би-би-си Ўзбек хизматига гапирган Ислом Каримов ўз ҳаётига таҳдид мавжудлиги туфайли Ўзбекистонга бора олмаслигини айтди. Бироқ ўз хавотирлари нимага асослангани борасида аниқ далиллар келтирмади.

У онасининг икки йилдан буён Тошкентда уй қамоғида қолаётганини ва бобоси ўлимидан сўнг унга нисбатан босимлар кучайганини маълум қилди. Исломнинг гапига қараганда, онаси Гулнорага ўхшаган аёллар ёлланган, кийинтирилган ва шаҳар бўйлаб машиналарда олиб юрилган.

"Ўйлашимча заҳарлашмоқчи..."

- Ҳозир ҳам уйда сақланяпти. Яҳё Ғуломов кўчасидаги уйида уни ҳибс бошиданоқ ушлаб туришибди. У хорижга учиб кетгани ёки шаҳар бўйлаб юргани ҳақидаги мишмишлар ёлғон, - дейди Ислом Каримов.

У Гулнора Каримовани уй қамоғида ушлаб турганлар “бувимнинг одамлари” деб айтди.

-Улар ойим озод бўлишини хоҳлашмайди, чунки кейин кўп саволларга жавоб беришга мажбур бўладилар. Бу саволларга эса ҳеч ким жавоб бера олмайди, чунки нафақат бизга, балки атрофимиздагиларга қарши бўлаётган ишларни ҳеч ким қонунан изоҳлаб бера олмайди, - деди марҳум президентнинг невараси.

Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар

Ислом Каримов билан суҳбат сўнгги ҳафталарда Гулнора Каримованинг тақдири матбуот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган бир паллада ёйинланмоқда.

Кичик Ислом Каримов бобоси 2 сентябрда вафот этганидан сўнг ижтимоий тармоқларда Гулнора Каримова номидан пайдо бўлган бир неча аккаунтнинг онасига тегишли эмаслигини айтди.

- Йўқ, ҳозирда унда ҳеч қандай ижтимоий фаолият йўқ. Мутлақо ҳеч қандай ижтимоий саҳифаси йўқ. Твиттер, Инстаграмда гўёки ундан деб саҳифалар очиляпти, қўл ёзувлари сохталаштириляпти, фотошоп орқали суратлари ўзгартириляпти.. Бунинг бари унинг ўзини, унга бўлган қўллаб-қувватловни издан чиқариш мақсадида қилиняпти, - деди Ислом Каримов.

"Бевосита алоқа йўқ"

У онасининг ташқи дунёда узилган ҳолда сақланаётгани билдирди.

- Уйга яқинлашаман ёки уни кўраман деган одам дарҳол ҳибсга олинади ва СНБнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасига олиб кетилади, - деди Ислом Каримов.

Онаси билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга эмаслини айтган Ислом Каримов у билан 18 яшар синглиси Имон “ойда бир” кўришиб туришини айтди.

- Синглим ҳозир «Туркистон» меҳмонхонасида яшаяпти. Февралда уни ойимдан ажратиб шу меҳмонхонага жойлаштиришган. У эркин ҳаракат қилиши мумкин, лекин ўша ерда ухлаши керак. У ойимсиз бир жойга боролмайди. Уни мамлакатдан чиқариб юборишмоқчи бўлишяпти, лекин у ойимсиз ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. Чунки агар у кетса ва ойимга бирон нарса бўлса, ҳеч ким гувоҳ бўлолмайди, ҳеч ким у билан мулоқотда бўлмайди. Чунки менда ҳам бевосита алоқа йўқ ойим билан. Агар унга бир кор-ҳол бўлса, буни биладиган ягона одам синглим бўлади, - деди Ислом Каримов.

"Тоғдан йиқилиб ўлишди..."

У ҳаётига хавф бўлгани учун бобоси жанозасига бормаганини айтди.

- Ойим ва синглимдан ташқари, менга бобомдек яқин одам йўқ эди. Лекин, билардим, агар борсам, бизга якун ясаларди. Камида 2-3 марта одамлар, СНБ ва оила аъзоларимдан эшитдимки, агар мен у ерда бўлсам, учовимизни ҳам дарҳол йўқ қилишар экан. Ойим билан синглимга зиён қилишмаётганининг сабаби, улар билишадики, бу ерда ваҳима бошланади. Агар мен у ерга борсам, учовимизни ҳам йўқ қилишарди ва 5-6 йилдан кейин эълон қилишарди. Тоғдан йиқилиб ўлишди, ёки шунга ўхшаш... – деди Ислом Каримов.

Икки йил муқаддам Ўзбекистон Бош прокуратураси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани коррупция, уюшган жиноятчилик ва товламачиликка алоқадор, деб расман баёнот бериши ортидан Гулнора Каримова уй қамоғига олинган эди.

XS
SM
MD
LG