Линклар

logo-print

"Фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик трансвеститлар ит ўғирлаган"


Трансвеститлар ўғирлаган ноёб чихуахуа итлари эгасига қайтарилди

Трансвеститлар ўғирлаган ноёб чихуахуа итлари эгасига қайтарилди

Москва вилоятида фото ва видеоаппаратура ҳамда декоратив чихуахуа итларини ўғирлаганликда айбланиб уч нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди. Озодликка тақдим этилган видеотасвирларда 20дан 35 ёшгача бўлган ушланган йигитлар гей-клубда фоҳишалик билан шуғулланиб келганига иқрор бўлганини кўриш мумкин. Сўроқ давомида улар бу буюмларни ва қимматбаҳо итларни “хизмат ҳақи эвазига” олиб кетганини гапириб берди.

Москва вилоят полицияси Раменское туманида ўғирликда гумонланиб уч нафар марказий осиёлик муҳожир ушланганини хабар қилди.

Москва вилоят Ички ишлар бошқармасида Озодликка ҳодиса тафсилотларини бундай тасвирлаб беришди.

- Биз уларнинг қайси миллатга мансуб эканлигини аниқлаштирмаяпмиз. Сайтимиздаги маълумотга кўра, айбланувчилар Биково қўрғонидаги хусусий дала ҳовлиларидан бирига кириб, у ердан ноутбук, фотоаппарат, планшет ва “Чихуахуа” зотига мансуб тўртта итни ўғирлаб кетган. Жами келтирилган зарар 500 минг рублга тенглаштирилди, деди матбуот хизмати Юрий Алексеев.

Жиноятда айбланаётганларнинг шахсига оид маълумотлар очиқланмаётган бўлсада, Озодликнинг полициядаги бошқа манбаси Биково қўрғонида ушланган йигитлар трансвестит экани ва шу уй эгасиникига фоҳишалик билан шуғуллангани келганини тасдиқлаб берди.

Шунингдек, трансвестит йигитлар учовлон 27 ноябр куни Ўзбекистонга учиб кетишга учоққа билет сотиб олгани ҳам аниқланди.

Москва вилоят Ички ишлар вазирлигидан айбланувчиларнинг оператив ходимлар томонидан сўроққа тутилаётгани видеотасвирини Озодликка тақдим этилди.

(Видео Москва вилоят ИИБси томонидан тақдим этилди)

Унда аёллар кийимидаги кўринишидан осиёлик бўлган шахс нима учун бу жиноятга қўл ургани сабабларини тушунтиришга уринади. Ўзини Аида деб атаётган айбланувчи уйда қолган ўзбек паспортини қидираётганида оч қолган итларни кўриб, уларни олиб кетишга қарор қилганини айтади.

- Улар менинг икки ой проститутка сифатида интим ишлаганим учун ҳақимни беришмади. Уй эгаси йўқ экан. Бизни бу ерга олиб келган одамнинг исми Тимур экан. У ана шу буюмларни сотиб, пулимизни беришини айтди.Бизни эса ўғирликда айблашаяпти. Мен эса сизларга тушунтираяпман –фоҳишалик хизматларим учун ҳақ бермаганлари учун бу нарсаларни сотмоқчи эдик. У ерда итлар учун сумка бор экан. Мен Ягонага “Сенга керакми?” деб турганимда, яшил паспортларимизни кўриб қолдим. “Ура!”, деб хурсанд бўлдим. Кейин такси ёлладик ва ўзбек тилида таксичидан бизни олиб кетишини сўрадим, деди Аида.

35 яшар ўзбекистонлик Аида 1999 йилдан буён Россияда юргани, вақти-вақти билан Ўзбекистонга бориб келишини айтди.

Сўроққа тутилган 20 яшар иккинчи йигит эса атиги 9 ой олдин Россияга келиб, танасини сотиб кун кечирганини айтиб берди. Исми ошкор қилинмаётган йигит аёллар кўкрагини тақиб, мижозларга хизмат кўрсатишга мажбурландим, дейди:

- Мен фоҳишалик билан шуғулланаман. Мени бу ерда ишлашга мажбурлашди. Бу ердан итларни, аллақандай буюмларни ўғирлаганликда айблашаяпти. Мен аслида паспортимни олиб кетишга келгандим. Шу йилнинг 23 февралидан Москвадаман. Ўзбекистондан пул ишлагани келганман, деди иккинчи йигит.

Ўзини Ягона деб таништирган учинчи аёлмижоз йигит Москванинг гей-клубларидан бирида ишлаб келганини айтди.

Ҳозирда жабрланган шахсга чихуахуа итларини қайтариб бергани, қолган қимматбаҳо аппаратура тергов якунига қадар терговчиларда қолиши маълум. Терговчилар бу уйда ўзбекистонликлар паспорти қаердан пайдо бўлиб қолганини аниқламоқда, зеро ҳовли эгаси аёллар кийимидаги ушланган шахсларни биринчи маротаба кўриб турганини билдирган.

Мазкур ўғирлик юзасидан Москва вилоят Ички ишлар Тергов бошқармаси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 158 моддаси, яъни “Ўғирлик” асосида жиноий иш қўзғатилди. Ушланган йигитлар айби судда ўз исботини топса, уларга 6 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Ҳозирда Аида, Ягона ва исми номаълум қолаётган учинчи ўзбекистонлик тергов якунига қадар ҳибсга қолади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG