Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:46

Мухолифат фаоли Исмоил Дадажонов Швецияда вафот этди (ВИДЕО)


“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов 64 ëшида Швецияда оламдан ўтди. Умр адоғини мухожирликда ўтказган Исмоил Дадажонов ўз фаолияти давомида "Эрк"нинг Фарғона вилоят бўлими раиси вазифасини адо этган. Қўқон Демократик кучлар форумига асос солган, ундан кейин “Бирлик халқ ҳаракати” вилоят бўлимини бошқарган.

Исмоил Дадажановни яхши билган журналист Паҳлавон Содиқнинг айтишича, марҳум умрини мухолифат фаоли сифатида ўтказаган:

- "Қўқонлик" деса, менинг кўз олдимга Исмоилжон ака келади. Қўқондаги уйларида кўп марта меҳмон бўлганмиз. 2004 йилда, охирги марта водийга сафарга борганимда бир шикоят юзасидан Қўқон шаҳар прокуратурасига кирдик. Прокурор самарқандлик экан. Одатда прокурорларнинг журналистлар билан гаплашиши осонмас. Аввалига котиба қиз кутиб туринглар, деди.

Кейин бирданига йўқолиб қолди. Кейин билсак, орқа эшикдан чиқиб солибди. Исмоилжон ака у билан аввалроқ қўқонлик бир жабрдийданинг иши юзасидан тортишиб қолиб, "қўқонликлар адолатсизликка чидамайди, эсингдан чиқарма бола!" деб танбеҳ берган экан. "Шу-шу мени кўрса қочади" деб кулишганди.

1980-1990 йилларда Қўқондаги жуда кўп воқеаларнинг фаол иштирокчиси бўлгани учун уни кўпчилик танир, ҳокимиятларнинг эшикларини бемалол очиб кирар, амалдорлар билан тенгма-тенг гаплашарди. Ваҳоланки, ўзи мухолифатчи бўлгани учун ишидан ҳайдалган, ҳар-хил юмушлар билан бола-чақа боқарди.

Адашмасам, у кишининг отаси совет даврида Ўрмон хўжалиги вазири бўлган. Зиёли оилада ўсган, ўзи ҳам олий маълумотли муҳандис, мард ва танти одам сифатида таассурот қолдирган. Ички маданиятли одам эди. Қўқонлик эканидан, ўзбеклигидан фахрланарди. 2000 йилда америкалик бир журналист билан Қўқонга бордик.

Исмоил ака сахарнинг калласида меҳмонхонага келиб, бизни уйғотган ва Қўқоннинг наҳор ошига олиб борганди. Америкалик дўстим Тошкентга қайтганимиздан кейин ҳам анча вақт Қўқон ошининг мазасини гапириб юрди. Тошкентга келса, журналистларни чойхонага чақириб, ош қилиб берадиган одати бор эди. Ўша пайтлар Қўқондан макулатура йиғиб келиб, Тошкентга топширарди.

Бир ой тўплаган макулатурасининг пули битта чойхонага етармиди, йўқми, билмайман.

Ошга лимон босишни Исмоил акадан ўрганганман. 2004 йилда Киевнинг Майдонида палатка тикиб, инқилобчиларга дошқозонда ош дамлаб юрди. Қўқонда, водийда, кейинроқ Украина ва Швецияда кўпгина ўзбекларга ёрдами текканидан хабарим бор.

Охирги йилларда соғлиги ёмонлашган, даволаниб юрарди. Украинага бир неча марта муолажага борганларини эслайман¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик архивида Исмоил Дадажонов билан қилинган видеосуҳбат мавжуд.

Суҳбат 2011 йилнинг май ойида Берлинда ўтказилган Ўзбекистон халқ ҳаракати қурултойида тасвирга олинган.

Исмоил Дадажонов: Халқни уйғотишга уриндик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00

XS
SM
MD
LG