Линклар

ОПЕКка аъзо 15 давлат вазирлари январь ойига бориб нефть ишлаб чиқаришни кунига 1 миллион 200 минг баррелга камайтиришга келишиб олди. Келишувдан мақсад нефть нархини оширишга эришишдир.

Саудий Арабистони энергетика ва саноат вазири Холид ал-Фалиҳ Теҳрон нефть ишлаб чиқаришни ўз ядровий дастури юзасидан халқаро санкциялар киритилгунга қадар етган даражада музлатиб қўйиши мумкинлигини айтди. Унга кўра, Россия ва ОПЕКка кирмаган бошқа асосий ишлаб чиқарувчилар ҳам нефть қазиб олишни кунига 600 минг баррелга камайтиришга рози бўлганлар.

Россия энергетика вазири Александр Новак Москва кейинги йил биринчи чорагида нефть ишлаб чиқаришни “аста-секинлик билан кунига 300 минг баррел”га туширишга тайёрлигини билдирди.

Венесуэла нефть вазири Эулохио дель Пинонинг айтишича, ОПЕКка кирмаган, бироқ ташкилот билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган давлатлар орасида Қозоғистон, Уммон ва Мексика кабилар бор.

Бу келишув ҳақида эълон қилинганидан сўнг нефть нархи юқорига ўрлай бошлади. Дастлабки 15 дақиқада нарх 8-9 фоизга кўтарилиб, баррелига 50 доллардан ошиб кетди.

Нефть нархининг ошиши миллий бюджетлари мазкур хомашё экспортидан келадиган даромад билан бевосита боғлиқ бўлган Россия ва Эрон каби мамлакатлар учун жуда муҳимдир.

XS
SM
MD
LG