Линклар

Крейг Мюррей: Мирзиёев совет услубидаги бошқарувчилардан...


Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, ёзувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Крейг Мюррей /

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, ёзувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Крейг Мюррей /

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, ёзувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Крейг Мюррей (Craig Murray) яқинда "Америка Овози" билан скайп орқали суҳбат давомида Ўзбекистонда кечган йилларини эслади, бўлажак сайловлар ва Шавкат Мирзиёев ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Одил Рўзалиев (Америка Овози): Сиз Ўзбекистонни 2004-йилда икки йиллик элчиликдан сўнг тарк этдингиз. Бу энг қисқа давом этган элчилик бўлган бўлса керак, шундай эмасми?

Крейг Мюррей: Ҳа, шундай. Аслида уч йил ишлашим керак эди, лекин икки йилдан кейин кетдим.

Одил Рўзалиев: Нега бундай бўлди?

Крейг Мюррей: Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларимиз хусусида давлатимиз сиёсатига қўшилмаганим бунга сабаб бўлди. Менинг назаримда, хавфсизлик масалаларини устун қўйиб, АҚШ билан иттифоқчилигимиз, Қаршидаги ҳарбий базани устун қўйиб, Ўзбекистон ҳукуматини етарлича танқид қилмаганмиз, инсон ҳуқуқлари муаммоларига кўз юмганмиз сабаб бўлди.

Одил Рўзалиев: Ўзбекистондаги воқеаларни, хабарларни ҳалиям кузатиб турасизми?

Крейг Мюррей: Албатта. Ўзбекистонда кўп дўстларим қолган. Мамлакат тақдири билан ҳалигача қизиқаман.

Одил Рўзалиев: Ўзбекистон Совет пайтидан кейинги чорак асрлик тарихида иккинчи раҳбар сайланиш арафасида эканидан хабарингиз бор. Бу лавозимга имконияти юқори ҳисобланган номзод сиз Ўзбекистонда ишлаётган пайтингизда бош вазирликка тайинланган эди, 2003-йилда. Шавкат Мирзиёев билан танишмидингиз?

Крейг Мюррей: Ҳа, у одам билан Самарқандда ҳоким бўлган пайтида бир неча бор учрашганман.

Одил Рўзалиев: У шахс ҳақида фикрингиз қандай?

Крейг Мюррей: У қаттиққўл одам. Самарқандда, ундан олдин эса Жиззахда вилоят ҳокими бўлган маҳал тузумнинг баъзи шафқатсиз амалиётларида қатнашганини биламан. У тузумнинг Ғарбга мойиллиги камроқ бўлган, хорижга камроқ сафар қилган вакилларидан эди. Ҳатто бош вазир бўлганидан сўнг ҳам чет элга кўп чиқмаган, Ғарб билан таниш эмас. Уни совет услубидаги бошқарувчилардан, аппаратчик деб биламан. Ўзбек элитасининг замонавийлик, тараққиёт ҳақида ўйлайдиган вакилларидан бўлмаган.

Одил Рўзалиев: Сизнингча инсон вақт ўтиши билан ўзгариши мумкинми?

Крейг Мюррей: Албатта одамлар вақт ўтиши билан ўзгаради. Баъзида улар кутилмаган ишларни қилиши мумкин. Мирзиёев ўзгарганми, йўқми, уни келаси 1-2 йилда биламиз. Лекин ўтмишдаги фаолиятини ҳисобга оладиган бўлсак, ундаги ўзгаришларни кўришимиз учун оламшумул ишларни қилиши керак. Ўтмишдаги ҳеч бир амали Мирзиёевнинг ислоҳотчи эканига ишора қилмайди.

Одил Рўзалиев: У ҳолда Ўзбекистондаги сўнгги жараёнлардан хабарингиз бўлса керак. Баъзиларини марҳум Ислом Каримов пайтида ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Ўзбекистон ижобий ўзгаришлар бўсағасида турибди десак бўладими?

Крейг Мюррей: Шундай деган умиддаман. Мен шахсан бунга ишонмасамда. Қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган ташаббусларни ижобий деб қабул қиламан. Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон билан. Сўнгги йилларда бу мамлакатлар билан сув ва чегара юзасидан кўп тортишувлар бўлиб, муаммо тўпланиб бораётган эди. Унинг вафотидан сўнг энди минтақавий алоқаларни яхшилашга имкон туғилди. Мирзиёев ташқи алоқаларни яхшилаб, ўтмишда бўрттирилган муаммоларни кўнглига яқин олмаётгани ижобий ҳолатдир. Минтақавий ҳамкорлик кучайишига умид бор. Бироқ ички сиёсатда ислоҳотдан ҳозирча дарак йўқ. Албатта, ислоҳотларга ишора қилувчи айрим қадамларни кўряпмиз, бироқ уларни фундаментал қадамлар деб бўлмайди. Агар декабрга белгиланган президент сайловларини оладиган бўлсак, номзодлар орасида мухолифат йўқ. Совет услубидаги партиялардан чиққан тўрттала номзод ҳукумат тизимидаги бир доирага мансуб бўлиб, барчаси Каримовни қўллаб-қувватларди. “Эрк”, “Бирлик” “Серқуёш коалиция” ва бошқа ҳақиқий мухолиф гуруҳлар ёки хорижда яшаётган мухолифатчиларнинг ҳеч бири сайловга яқинлаштирилмаган. Тузум асосларида ўзгаришларни кўрмаяпмиз.

Одил Рўзалиев: Қисқа муддат ичида кўплаб ўзгаришларни амалга оширишнинг иложи бўлмаса керак, шундай эмасми?

Крейг Мюррей: Ҳақ гап. Шунинг учун камида икки йил ўтсин. Шундагина якуний хулосага келишимиз мумкин - ислоҳотлар учун имкониятлар эшиги очилдими ёки ҳаёт эски услубда давом этмоқдами. Иқтисодиётда хусусийлаштириш, айниқса, қишлоқ хўжалигида; пахтага тобеликдан қутулиш, пахта саноатида мажбурий меҳнатга чек қойиш кабилар ҳақиқий ўзгаришлардан дарак бўлиши мумкин, аммо ҳозир ҳеч бирини кўрмаяпмиз.

"Америка овози"дан олинди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG