Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:41

Тошкент аэропортида телефонидаги ёзув учун ушланган Воҳиджон уйига қайтди


Жорий йил июлида Тошкент аэропортида Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ушланган ва тақиқланган диний материал олиб киришга уринди, деган айблов билан 3 ярим ой ҳибсда сақланган Қозоғистон фуқароси, 27 яшар Воҳиджон Ниёзов уйига қайтди. Озодликка бугун маълум бўлишича, ноябр ўрталарида озод қилинган Воҳиджоннинг паспортига "5 йилгача Ўзбекистонга кириши мумкин эмас", деган муҳр босиб беришган. Лекин бу муҳрсиз ҳам қозоғистонлик йигит Ўзбекистонга бундан буён бормоқчи эмас.

Воҳиджоннинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари уни телефонидан тақиқланган диний материаллар чиққани учун қўлга олган ва амнистия акти қўлланиб, 11 ноябрь куни суд залидан озод қилинган.

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида истиқомат қиладиган Воҳиджон Ниёзов шу йилнинг 28 июлида Жанубий Кореядан учиб келган чоғида Тошкент халқаро аэропортида ушланган эди. Ўша кезда Озодликка мурожаат қилган яқинлари унинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ушлангани, аммо унинг тақдирига оид ҳеч бир маълумот берилмаганини даъво қилган.

Эндиликда буни тасдиқлаган Воҳиджоннинг айтишича, қўл телефонида қайд этилган ижтимоий тармоқлардан бирида улашилган диний мазмундаги видеоматериалга овоз берган ўзбек таржимони "тақиқланган одам", деб топилган ва унга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 246-моддаси асосида айблов қўйилган:

- Аслида телефонимда марҳум Муҳаммад Содиқ Муҳамммад Юсуф, тошкентлик Қобил қори, Қосим қори, Муҳаммад Исҳоқ қориларнинг маърузалари бор эди. Буларни текширишди ва орасидаги "бир маърузанинг таржимони тақиқланган одам", дейишди. Лекин, у таржимон ким, нима учун тақиқланганини айтишмади. Мен ҳам билмайман, унинг кимлигини. Группадагилар ташлаган видео бўлган-да. Ҳалигача аниқ тушунмадим, конкрет нима учун мени қўлга олишганини, тўғриси, - дейди Воҳиджон Озодлик билан суҳбатда.

Воҳиджоннинг айтишича, унинг бу маърузалар тақиқланганидан хабари бўлмаган. Ўз вақтида Озодлик Ниёзов тақдири юзасидан Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилган, консуллик хизматидан Ниёзов ҳимояси учун зарурий ёрдамга тайёр экани ҳақида жавоб олган эди. Эндиликда Воҳиджон ўзига оиласи, консул ва адвокатга мурожаат қилиш имкони берилмаганини айтмоқда.

Шу тариқа, қарийб 3 ярим ой Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ)нинг Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги ҳибсхонасида сақланган Ниёзов аслида махсус хизматларнинг бундай текширувларига эътирози йўқлигини айтмоқда:

- Ҳукумат текширса, энди бу ҳам Ўзбекистоннинг тинчлиги учун. Майли. Фақат буни одамгарчилик доирасида қилишса, яхши эди. Масалан, мени соқолим учун шубҳа қилишиб, тўхтатишди. Лекин, майли. Менинг Ўзбекистонга даъвоим йўқ, ўзларининг тинчлиги учун қилишаверишсин. Менга 5 йиллик депорт уриб беришди, мен энди бу давлатга барибир бормайман, - дейди Воҳиджон Ниёзов.

МХХ ҳибсхонасида унга нисбатан руҳий босим ёки қийноқ қўлланилганига оид саволларга жавоб беришни истамаган Воҳиджон: "Ҳаммаси ортда қолди, мен соғ-саломатман", дейиш билан чекланди.

Воҳиджон Ниёзовга қўлланган Ўзбекистон ЖКнинг 246-моддасида "тақиқланган диний-экстремистик материалларни мамлакатга олиб кириш" жинояти назарда тутилган ва бунинг учун 5 йилдан 20 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.

Воҳиджоннинг отаси - Неъматжон Ниёзов ўғлининг тақдирига эътибор қаратган ташкилотлар, жумладан, Озодлик радиосига миннатдорчилигини билдирди. Айни пайтда, ўғлини айбсиз, деб билиши, аммо унинг оқланиши учун ҳаракат қилиш ниятида эмаслигини айтди.

Бунга қадар 2012 йилда Қозоғистон фуқароси Ермек Кўшмагамбетов чегарада қўлга олинган ва планшетидан чиққан диний материаллар экстремистик, деб топилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кейинги пайтларда Қирғизистон ва Россиянинг бир неча фуқароси Ўзбекистон чегарасида тақиқланган диний-экстремистик мазмундаги электрон маълумотлар билан ушлангани Озодликка маълум.

Жумладан, Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик 34 ёшли Бахтиёр Худойбердиев ҳам 2016 йилнинг 8 январида Жанубий Кореядан Тошкентга учиб борган ва хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан аэропортда ушланиб, номаълум манзилга олиб кетган эди. Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев Худойбердиев 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганини хабар қилган.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилиб ўсган, кейинчалик Россия фуқаролигини олган 29 яшар Зуҳриддин Абдураимжонов 2016 йилнинг 25 майида телефонидан диний мазмундаги материаллар топилгани учун чегарада ушланган ва октябрь ойи охирида Ўзбекистон суди ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари эса диний мотивлар асосида қўлга олинган хориж фуқаролари юзасидан Озодлик мурожаатларини жавобсиз қолдириб келади.

XS
SM
MD
LG