Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Олмаотада чақалоғини калтаклаган она ўзбекистонлик бўлиб чиқди


Уч ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган видеодаги боласини калтаклаган аёл Ўзбекистон ватандоши экани маълум бўлди. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Олмаота шаҳрида олинган ушбу видеодаги аёл устидан очилган жиноят ишини ўзбек ҳамкасбларига топшираяпти. Аёлга нисбатан фарзандига бешафқат муносабатда бўлгани учун, шунингдек, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва миграция қонунчилигини бузиш айбловлари илгари сурилаяпти.

11 ноябрь куни қозоғистонлик юзер томонидан Инстаграм тармоғига жойлаштирилган видеода номаълум аёл ёш гўдакни калтаклаётгани тасвирланган.

Видеода қарийб бир минут давомида аёл боланинг юзига кетма-кет уради. Калтак зарбидан бола ҳар урганда бир учиб тушади.

"Жап! Жап ауызды!" – “Ёп, ёп оғзингни” дейди аёл калтак давомида.

“Бизни гўдакнинг тақдири хавотирлантираяпти”, дея видеони Инстаграмга жойлаштирган юзер гўдакни излаб топишга чақиради:

“Бераҳм она танишимнинг қўшниси, видеони танишимнинг 8 яшар қизчаси суратга олган”.

Видеода калтакланаётган гўдак - Айару исмли қизалоқ экани, унинг онаси қозоғистонлик эмаслигини ёзган юзер она-болани излашгани, бироқ улар олдинги жойида яшамаётганини ҳам қўшимча қилган.

Видео ўтган уч ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Ноябрь ўрталарида Қозоғистон полицияси видео бўйича жиноий иш очилгани, воқеа Олмаота яқинида содир бўлгани ҳақида эълон қилди.

Озодлик ушбу видеони Инстаграмга жойлаштирган қозоғистонлик юзер билан боғланди, бироқ у ҳозирда полиция бу иш билан шуғулланаётгани учун интервью бера олмаслигини билдирди.

30 ноябрь куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги видеодаги аёл Ўзбекистон ватандоши экани аниқланганини маълум қилди:

“У Ўзбекистон ватандоши, жиноятни бизнинг ҳудудда қилган. Ҳозир у ўз ватанида. Шунинг учун тезкор ходимларимиз бориб-келишди, уни сўроқ қилишди”, дея матбуотга маълум қилган Қозоғистон Ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов аёл ўзбекистонлик бўлгани учун унга нисбатан очилган жиноий иш Ўзбекистонда кўриб чиқилишини билдирди.

Касимовга кўра, ҳозирда мазкур ишни Ўзбекистонга топшириш масаласини Қозоғистон Бош прокуратураси ўрганмоқда.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, ушбу аёл Қорақалпоғистонда яшайди ва унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра жиноят иши очилган. Ушбу моддада вояга етмаган боласига нисбатан қўпол муносабатда бўлган ота-она жиноий жавобгарликка тортилиши қайд қилинган.

Озодлик мазкур видео билан боғлиқ тафсилотларни ўрганаётган қозоғистонлик журналистлардан олган маълумотга кўра, видеодаги аёл Олмаотадаги бозорлардан бирида ишлаган, видео олинган пайтда у иккинчи боласига ҳомиладор бўлган. Аёл боласини туғиб, Ўзбекистонга кетганидан бир неча ой ўтиб, мазкур видео тармоқларга чиққан.

Қозоғистон ИИВга кўра, ўтказилган тергов-суриштирув ишлари натижасида аёлга нисбатан яна иккита модда бўйича - давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва миграция қонунчилигини бузиш айблови ҳам илгари сурилаяпти.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба мазкур видеодаги аёл Қорақалпоғистонда яшаши ва ноябрь охирида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келиб, уни сўроқ қилиб кетганини Озодликка тасдиқлади.

Манба тергов кетаётгани боис аёлнинг исми-шарифи ва у билан боғлиқ бошқа тафсилотларни очиқлай олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-оналар агар ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комиловга кўра, боласига шафқатсиз муносабатда бўлган кишиларнинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳолатлари Ўзбекистонда кам бўлсада учраб туради, унинг ўзи шундай ишлардан биттасида иштирок этган.

XS
SM
MD
LG