Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:23

Ислом Каримов билан суҳбатлашиш орзусига эришолмаган Чех президенти Раҳмон билан учрашди


Милош Земан ва Эмомлаи Раҳмон фахрий қоравул сафидан ўтмоқда.
Милош Земан ва Эмомлаи Раҳмон фахрий қоравул сафидан ўтмоқда.

Чехия президенти Милош Земан ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Прагада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг брифинг ўтказди, аммо журналистлар билан мулоқот қилишдан бош тортди. Икки давлат президентлари Тожикистон ва Чехия ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш зарурати мавжудлиги ҳақида гапирдилар.

Прагада ўтган учрашув доирасида Земан ва Раҳмон ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнотни қабул қилди. Шундан сўнг Чехия ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновларини йўлга қўйиш келишими имзоланди.

Эмомали Раҳмон брифингда Тожикистон ўз ташқи сиёсатида Европа давлатлари билан ҳамкорликкак алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

-Биз Чехияни муҳим ҳамкор сифатида тан олдик ва ўзаро ҳамкорликнинг бугунги даражаси бизни қониқтиради, - деди Эмомали Раҳмон.

Журналистларга Милош Земан ва Эмомали Раҳмонга савол беришга рухсат этилмади. Брифинг бошланишидан олдин Чехия президенти матбуот хизмати журналистларни президентлар саволларга жавоб бермаслигидан огоҳлантиришди.

Земаннинг Раҳмон билан учрашуви арафасида асосан Тожикистон ватандошларидан иборат бўлган фаоллар Чехия президенти саройи олдида норозилик намойиши ўтказди. Улар фикрича, Эмомали Раҳмон Тожикистонда диктаторлик режими ўрнатган ва унинг Прагада қабул қилиниши жоиз эмас эди.

Эмомали Раҳмон Будапешт сафари якунланганидан сўнг 30 ноябрь куни Прагага расмий сафар билан келганди.

2014 йилнинг 25 октябрида Милош Земан Тожикистонга борган эди. Ўшанда Эмомали Раҳмон Милош Земан чех-тожик ҳамкорлиги юзасидан фаолиятини 30 йил аввал бошлаганини айтиб ўтган.

Тожикистон Чехия билан дипломатик алоқаларни 1992 йилнинг 2 июнида ўрнатган. 2015 йилда икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш ҳажми 200 минг доллардан сал кўпроқни ташкил қилган.

Милош Земан халқаро ҳамжамият танқидларга қарамай Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовни 2015 йилда Чехияга ташриф билан келишга таклиф қилган эди. Лекин бу сафар амалга ошмай қолган.

2014 йил февралида ҳам Прагага келиши режаланган Ислом Каримов сафари халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари ҳимоячилари норозилигидан сўнг бекор қилинган эди.

Босим остида қолган Чехия Бош вазири¸ Прага шаҳар ҳокими ва ҳукуматнинг беш вазири Ислом Каримов ва Ўзбекистон делегацияси билан учраша олмаслигини билдиргани ортидан расмий Тошкент сафарни номаълум муддатга қолдирганди.

Ўшанда жами 31 та ташкилот, жумладан, Чехиядаги икки нуфузли гуруҳ мамлакат президенти Милош Земанга мурожаат этиб, жаҳон диктаторлари рўйхатига тиркалган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 20-22 февраль кунларига белгиланган учрашувни бекор қилишга чақирган эди.

Чехия президенти Милош Земан Ислом динига қарши чақириқлари билан танилган. У 2015 йилда Прагада мусулмонларга қарши ўтказилган намойишларда шахсан иштирок этган.

XS
SM
MD
LG