Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:35

Жиззахлик тракторчи: “Болам совуқдан қотса кўзимга дарахт кўринадими?”


Жиззахнинг Пахтакор туманида ҳовлидаги сўнгги дарахтларни кесишмоқда
Жиззахнинг Пахтакор туманида ҳовлидаги сўнгги дарахтларни кесишмоқда

Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Дўстлик, Пахтакор сингари чўл туманларида яшайдиган аҳоли газ ва электр энергияси йўқлиги сабаб, ҳовлиларидаги манзарали ва мевали дарахтларни кесишга мажбур бўлаётганини Озодликка айтдилар. Ҳовлисидаги дарахтларни кесиб тугатганлар эса Қизил китобга киритилган чўлдаги юлғун дарахтларига қирон келтиряпти.

Жиззах вилояти Пахтакор туманининг Навбаҳор ҚФЙда яшайдиган Нурмат исмли ҳайдовчининг айтишича, маҳаллалардаги дарахтлар йилдан йилга сийраклашиб боряпти:

“Бизнинг жойлар яна яйдоқ чўлга айланиб боряпти. Чунки одамлар ўтин учун ёш дарахтларни ҳам кесиб олишяпти. Мен сизга расм жўнатаман. Кўринг. Бизнинг қишлоққа газ берилмай қўилганига 5 йил бўлди. Одамлар аввал кўчалардаги, кейин ҳовлиларидаги дарахтларни кеса бошлади. Чунки бошқа иложи йўқ, айниқса икки қаватли домларда яшайдиганлар жуда қийналиб кетди. Бизнинг жойлар собиқ иттифоқ даврида гулистон бўлган эди, сўнгги 25 йил ичида эса яна яйдоқ чўлга айланиб қолди”, деди пахтакорлик Нурмат.

Жиззахнинг Пахтакор туманида ҳовлидаги сўнгги дарахтларни кесишмоқда
Жиззахнинг Пахтакор туманида ҳовлидаги сўнгги дарахтларни кесишмоқда

Мирзачўл туманида яшайдиган тракторчи Ҳайдар ака ҳам, табиат хароб бўлаётганидан куйинишини айтади:

- Совхозларнинг газ трубаларини қирқиб ташлаганига анча йиллар бўлди. Кўмир ваъда қилган ҳукумат ваъдасини эсидан чиқариб юборган. Хўш, шундай ҳолатда оддий халқ нима қилади? Болангиз уйда қақшаб ўтирса, касал бўлса кўзингизга дарахт кўринадими? Одамлар далалардаги тутларни кесиб тамом қилди, ҳисоби. Кечаси бориб кесиб келишади. Бизда жинғил дейди, сизлар юлғун дейсизлар. Ҳозир ҳамма шунга ҳужум қилган. Қизил китобга кирганини ҳам биламиз, лекин бошқа чора йўқ. Чунки ғўзапоя олайлик десак, унинг орасига буғдой сепиб ташлаган. Корчовка қилгани қўймайди. Ўриб олайлик десак, буғдойни босиб ташлайсизлар деб фермер рухсат бермайди, деди Ҳайдар ака.

Унинг айтишича, ҳукумат ваъда қилган суюлтирилган газ баллонлари ҳам аҳолига берилмай қўйилган.

Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг исми сир қолишини сўраган туман бўлими раҳбарларидан бири бундай вазиятдан яхши хабардор эканлигини айтар экан, лекин амалий чора кўришга уларнинг қўли калталигини таъкидлади:

“Биз ҳам нималар бўлаётганини кўриб турибмиз. Агар бизга бирор дарахт рухсатсиз кесилаётгани ҳақида хабар тушса бориб текширамиз. Агар жисмоний шахс бўлса маъмурий жазога тортамиз. Агар бирор ташкилот шу ишни қилаётган бўлса ҳокимликка хат ёзиб жўнатамиз. Лекин, биласиз, бизда ҳамма нарса ҳокимларнинг қўлида, улар экологларнинг гапига қулоқ ҳам солишмайди. Бу ёқдан эса ноёб дарахтлар, тупроқ эррозиясини ушлаб турадиган юлғинлар қирилиб кетяпти. Аҳолининг ҳам айби бор, ҳам айби йўқ. Ҳеч бўлмаса ҳукумат кўмир билан таъминлаганда ҳам бунчалик бўлмас эди. Бизнинг қўлимиз калта”, деди экологлардан бири.

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкатининг “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради”.

Лекин шунга қарамасдан, газ тақчиллиги муаммоси ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг воқелигига айланган.

XS
SM
MD
LG