Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:31

АҚШ разведкаси хулосаси: Рус хакерларининг мақсади Трампни сайлаш бўлган


АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг хулоса қилишича, Россия Дональд Трамп ғалаба қилиши учун ўтган ойги сайловга аралашган. Бу ҳақда 9 декабрда The Washington Post газетаси хабар қилди. Мақола президент Барак Обама сайлов пайтида юз берган кибер ҳужумни чуқур ўрганишга буйруқ бериши ортидан нашр этилди.

Барак Обама текширув натижаларини унга 20 январгача етказиб беришни сўраган.

Ўша куни Дональд Трамп президент сифатида иш бошлайди.

The Washington Post-нинг АҚШ аноним расмийларига таянган ҳолда хабар беришича, Марказий Разведка Бошқармаси Ҳиллари Клинтон сайлов кампаниясининг бошлиғи, Демократик Миллий Комитет ва бошқаларнинг электрон ёзишмаларини WikiLeaks-га етказиб берган Россия ҳукуматига алоқадор шахсларни аниқлагандан кейин Россия мақсади Трампни сайлаш бўлган, деган хулосага келган.

Мазкур шахслар сайловда Трамп ғалабаси ва Клинтон мағлубияти имконларини кучайтиришни кўзлаган амалиётга алоқадор бўлган.

"Разведка жамоасининг баҳолашича, бу ерда Россия ҳадафи Трампнинг сайловда ғалаба қилишига ёрдам бериш бўлган," деган юқори мартабали АҚШ мулозимидан иқтибос келтиради газета.

АҚШ разведка хизматлари Россияни сайловдан олдин Демократик Партияга қарши кибер ҳужумлар уюштиришда айблаган эди.

Бироқ улар ўз вақтида Россия ҳужумларидан мақсад Трамп ғалабасига ёрдам бериш эмас, балки АҚШ сайлов тизимига бўлган ишончни йўқ қилиш эканини айтганди.

Аммо ўшандан буён Марказий Разведка Бошқармаси ўз хулосалари ҳақида Конгресс ва сенаторларни хабардор қилди.

Унда таъкидланишича, Россияда Трампни сайлаш мақсди бўлгани "очиқ-ойдин", дея хабар беради The Washington Post.

Обама Россия президенти Владимир Путинни ҳужумлар оқибати ҳақида огоҳлантирганини айтган.

Аммо Путин АҚШ сайловларига аралашув ҳақидаги барча айбловларни рад этган.

Трамп хакер ҳужумлари ортида Россия турганига унинг ишончи комил эмаслигини айтган.

Унинг жамоаси 9 декабрда баёнот чиқариб, "АҚШ сайловларига хорижий аралашув ҳақидаги даъволар" АҚШ разведка раҳбарларига бўлган ишончга футур етказишга қаратилганини билдирди.

"Бу Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуроли бор, деб айтган одамларнинг худди ўзи, - дея таъкидланади баёнотда. - Сайлов бўлиб ўтганига анча вақт бўлди. Ҳозир олға ҳаракат қилиш ва Американи яна буюк мамлакатга айлантириш вақтидир."

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж электрон ёзишмалар манбаси Россия ҳукумати экани ҳақидаги даъволарни рад этган.

XS
SM
MD
LG