Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:56

Мирзиёев мурожаатларга бефарқ раҳбарларни жавобгарликка тортади


Озодликка чиққан актёр Матёқуб Матчонов ўзига очилган жиноий ишга илк бор изоҳ берди. Андижон–Тошкент поездини тошбўрон қилган ўқувчилар қўлга олинди. Қизиқчи Мирзабек Холмедовнинг ўлими ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиқди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Шавкат Мирзиёев: Фуқаролар мурожаатига бефарқ раҳбарлар жиноий жавобгарликка тортилади

Мирзиёев мулозимларни огоҳлантирди
Мирзиёев мулозимларни огоҳлантирди

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши лозим (“Халқ сўзи”, 8 декабрь). Бу ҳақда Ўзбекистоннинг жорий йил 4 декабрь куни сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция байрами муносабати билан ўтказилган маросимда таъкидлаган. Қайд этилишича, жорий йил 25 сентябрь куни ташкил этилган Бош вазир виртуал қабулхонасига шу пайтга қадар фуқаролардан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмоқда. Давлат раҳбарига кўра, аслида мурожаатларда кўтарилган ҳаётий муаммолар жойлардаги ҳокимлик ва идораларда ўз вақтида ҳал этилиши керак эди. Шу боис у фуқаролар мурожаатига бефарқ раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш лозимлигини уқтирган.

Тошкент метроси қурилишига 295 миллион доллар ажратилади

Тошкент метроси қурилиши 2017-2020 йилларда давом эттирилиб, бунинг учун ҳукумат 295 миллион доллар маблағ ажратади (“Оила даврасида”, 8 декабрь). Пойтахт ерости транспорт тармоғини ривожлантириш мақсадида узунлиги 10 километр бўлган 8 та бекат қуриш режалаштирилган. Жумладан, Сергели туманига олиб борувчи ерусти метро 6 станциядан иборат бўлади. Юнусобод йўналишининг иккита бекатини қуриш эса бошлаб юборилган.

Фарғонада ногирон аёлдан пора олган ҳокимлик расмийси маҳкамага тортилди

Фарғона вилояти Қувасой шаҳри ҳокимлиги ҳуқуқшуноси порахўрликда айбланиб маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 8 декабрь). Икки набираси билан ижарада яшовчи шу туманлик ногирон аёл ҳокимлик ҳуқуқшуносига ўзи истиқомат қилаётган уйни номига расмийлаштириб беришни сўраб мурожаат қилган. Исми ошкор этилмаган ҳокимлик расмийси уй ордерини расмийлаштириб бериш эвазига ногирон аёлдан дастлаб 500 минг сўм олган, сўнг яна 1,5 миллион сўм пора талаб қилган. Қайд этилишича, у талаб қилинган порани олаётгандан ушланган. Суд ҳукмига кўра, порахўр ҳуқуқшуносга жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Озодликка чиққан актёр Матёқуб Матчонов: “Мен вазият қурбонига айландим”

Матёқуб Матчонов
Матёқуб Матчонов

Яқинда амнистия актига мувофиқ озодликка чиққан актёр Матёқуб Матчонов илк бор матбуотга интервью берди (“Даракчи”, 8 декабрь). Санъатдан бўш вақтида тадбиркорлик билан шуғулланган актёр бировларга ишониб, алданиб қолганини айтган. “Кўнгилчан, ишонувчанлик билан панд ер эканмиз. Мен ҳам вазият қурбонига айландим... Тўрт ой ичида ўзимдан ўтганини ўзим билдим, бу мен учун бир умрга татигулик сабоқ бўлди. Мени шу кўйга солганларга эса айтар гапим йўқ” деган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист М.Матчонов. Айни пайтда, у амнистия билан озод этгани учун мамлакат ҳукуматига ташаккур билдирган.

Янгидан очилган Андижон–Тошкент поездига тош отган болаларнинг ота-онаси жазоланди

Поездга тош отма, болакай!
Поездга тош отма, болакай!

Жорий йил сентябрдан қатнай бошлаган Андижон–Тошкент поездига мактаб ўқувчилари томонидан тош отиш ҳолатлари қайд этилмоқда (“Постда”, 3 декабрь). Масалан, жорий йил 2 октябрь куни Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи 10 ёшли А.Турсунов ва А.Қурбонов мазкур йўналишдаги поезд ойнасига тош отиб синдирган. Поездни тошбўрон қилиш ҳолати Ўзбекистон, Қўштепа, Олтиариқ туманларида ҳам қайд этилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан болаларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра жарима солинган. Бундан ташқари, етказилган зарарни ота-оналардан ундириш бўйича даъво киритилган. Маълум қилинишича, йўловчи поезд вагонининг битта ойнаси 5 миллион сўмдан ортиқ туради. Хабарга кўра, Фарғона вилоят халқ таълим бошқармаси раҳбари З.Тешабоев ўқувчилар томонидан бундай салбий ҳаракатлар содир этилмаслиги учун мактаб дастурига бу борада қўшимча дарс киритиш лозимлигини айтган.

Матбуот: Ўзгалар қўшиғини айтгандан кўра кўлмакда бақа бўлиб сайраган маъқул

Сўнгги пайтларда устоз ҳофизлар ҳамда машҳур хонандаларнинг қўшиғини ёш ижрочилар томонидан ўзбилармонлик билан куйлаш ҳолатлари кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 7 декабрь). Қайд этилишича, авваллари ўзини ҳурмат қилган профессионал хонандалар ўзгалар қўшиғини ижро этишдан ийманар, ижро этганда ҳам қўшиқ эгасидан ижозат сўрарди. Ҳозир эса ундай эмас. “Қўшиқлари бузиб куйланаётганидан зада бўлган машҳур ҳофиз бир вақтлар “Ўзгалар қўшиғини айтгандан кўра кўлмакда бақа бўлиб сайраганинг маъқул” деган эди. Шундай экан, устоз хонандаларимизнинг қўшиқларини куйлашдан аввал “майнандалар” бир ўйлаб кўрсалар фойдадан холи бўлмасди” деб ёзади газета.

Қизиқчи Мирзабек Холмедовнинг ўлими ҳақидаги ёлғон хабар ортидан жанозага одам йиғилди

"Ҳатто уйимгача одамлар келди"
"Ҳатто уйимгача одамлар келди"

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик таниқли қизиқчи Мирзабек Холмедовнинг вафот этгани ҳақида миш-миш тарқалди. Унда сўз устаси кутилмаганда юрак хуружидан касалхонада ҳаётдан кўз юмгани айтилади. “Даракчи” нашри хабарига кўра, мазкур ёлғон хабар ортидан қизиқчининг уйига жанозага деб одамлар келган. М.Холмедовнинг ўғли Улуғбек бу асоссиз хабар эканини маълум қилган.Газета тахминига кўра, мазкур овоза мессенжердаги фойдаланувчиларини кўпайтиришни кўзлаган кимсалар томонидан тарқатилган.

XS
SM
MD
LG