Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:37

"Тошкентдаги эртаклар Шавкат акага етаклар"


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев президентлик сайловида овоз бериб оиласи билан бирга суратга тушмоқда
Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев президентлик сайловида овоз бериб оиласи билан бирга суратга тушмоқда

Кейинги 3 ой ичида 14 декабрда президент этиб сайланган Шавкат Мирзиëев ҳақида шеър ва қўшиқлар ëзилди¸ у ҳақда эртакнома гаплар тарқалди.

Айниқса, интернетда бош вазирнинг виртуал қабулхонасига оид латифанамо гап-сўзлар кўпайди.

Бу орада "лифтни тузатган"¸ "бузилган телефонни алмаштирган”¸ севимли кўппакни "Россиядан Ўзбекистонга келтиришга кўмак берган" Мирзиëев ҳақида ривоятлар тарқалди. Бу ҳикояларнинг қайси бири чин қайси бири ёлғонлигини тасдиқлашнинг имкони йўқ. Президент Мирзиёев ёки унинг матбуот хизмати бу борада сукут сақламоқда.

Аснода маҳаллий матбуот ҳам бу гапларга ўз ҳиссасини қўшаётганини кузатиш мумкин.

Озодлик, таъбири жоиз, баъзилар чин баъзилар эртак сифатида кўраётган бу ҳикояларнинг баъзиларини жамлади.

Камол бобо ҳикояси: "Совет ëмон – Мирзиëев яхши"

Ўзбекистонда чоп қилинадиган "XXI аср" газетасида 24 ноябрда "Адолат инсон қадрини улуғлайди дейишмоқда ўз муаммоларига ечим топаётган фуқаролар" сарлавҳали мақола нашр қилинди. Ундан ЎзЛиДеПда очилган бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган шахсларнинг миннатдорчиликлари ўрин олди.

Муаммосига ечим топганлардан бири - сирдарёлик 90 ёшли Камол бобо.

Бобо ўзига шу пайтгача армон бўлиб келаётган тикув цехи фаолиятини йўлга қўйиш учун виртуал қабулхонага мурожаат қилган.

"Бир пайтлар кичик цех қуриш учун ҳам Москвадан рухсат кутар эдик", деб совет давридан ёзғирган Камол бобо иши битганидан хурсанд бўлиб, "Эл дардини тушунадиган, оғирини енгил қиладиган раҳбарларнинг боши омон бўлсин", деб дуо қилишни ҳам унутмаган.

Айни мақолада 25 йиллик мустақиллик даврида, ҳозиргидан анча ёш бўлган пайтларида бобонинг фамилияси, унга тикув цехи очишга нима тўсқинлик қилгани масаласи эса очиқланмаган.

Мақоладаги яна бир ноаниқлик шуки¸ бозор иқтисодининг зидди бўлган Совет режали иқтисоди хусусий цех ва заводлар очилишига умуман изн бермаган.

Ошга бормай ишга борадиган Мирзиëев ҳикояси

Аммо "Мирзиëев эртаклари" жанрини таниқли прозаик ëзувчилар ҳам давом эттирмоқди.

Габриел Маркеснинг "Танҳоликнинг юз йили" романини, Чингиз Айтматовнинг "Болалигим" асарини ўзбек тилига таржима қилган таниқли ëзуви Нурали Қобул ўзининг Facebook-даги саҳифасида Мирзиëевни "ишчан раҳбар" сифатида алқайди:

"Бир куни ҳамкасб дўстларимиз билан Дўрмондан шаҳарга, эрталабки "ош" маросимига кетаётган эдик. Машинамиз яқиндагина қурилиши бошланган улкан иншоот майдончаси ёнидан ўтиб борарди. Беихтиёр, кўзим спорт кийими кийган таниш қиёфага тушди. Дастлаб одам бир-бирига ўхшайди деган хаёлга бордим. Бироқ адашмаган эканман. Одамлар орасида юрган киши мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев эди. Ҳамкасбларимга у кишини кўрсатдим. Табиийки, ҳамроҳларим ҳам ҳайрат-ла боқишди. Бир дўстимиз тушиб саломлашайлик дея фикр билдирди. У киши ишга, биз ошга кетаяпмиз, халақит бермайлик деган фикр билдирди бошқа биримиз ҳазилу чин сўнг, қарорга келиб,” дея ëзади таниқли прозаик.

Норин еган боғча мудираси

Тошкентлик Гулчеҳра исмли Озодлик тингловчисининг айтишича¸ Мирзиëев Чилонзордаги боғчага оддий одам қиëфасида бориб, боғча мудираси кирдикорларини фош қилибди:

-Ëнимиздаги садикка Шавкат Миромонович борибдилар. Кириб борсалар, кухняда икра пиширилаëтган экан. Бу икрани болаларга пиширяпсизларми¸ деб сўраса, йўқ, мудира учун, дейишибди. Шавкат ака мудирани олдига кирса¸ мудира норин еб ўтирган экан. Шавкат Миромонович норинни олиб болаларнинг олдига қўйибди. Болалар еб ўтирган макарон шўрвани эса мудирани олдига қўйиб¸ “е буни¸ ж...б” десалар мудира “буни есам касал бўламан, кечадан қолган овқат-ку”, дебди. "Болалар касал бўлса майлими?" деб Шавкат Миромонович мудирани ишдан бўшатибди¸ - дейди "адолат қарор топганидан" таъсирланган Гулчеҳра.

У бу воқеани қўшниларидан эшитганини айтди.

Мирзиëев эртаклари
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:24 0:00
Бевосита линк

Таноби тортилган юлдузлар ҳақида эртак

Фарғоналик ëзувчи Лола Собирова ўзбекистонлик қўшиқчи Юлдуз Усмонованинг 11 йиллик таъқиқдан кейин айнан Мирзиëев буйруғи билан саҳнага қайтарилгани ҳақида ëзди.

"Ўзбегимнинг яккаю ёлғиз примадоннаси, санъатимиз қироличаси Юлдуз Усмоновани янги подшомиз саҳнага қайтарди" дея ëзди Лола Собирова ижтимоий тармоқда.

Ўзбекистон маҳаллий матбуоти ва ижтимоий тармоқларда янграган бу "асар"лар ортидан халқ орасида янги "эртак"лар урчиди.

Ана шундай эртаклардан яна бири “Буйрак” нархида, яъни 50 минг долларга тўйга келадиган юлдуз ашулачиларнинг таноби тортилгани ҳақида.

Тошкентлик Тошбек ана шу гапларни "шамол бўлмаса, дарахт қимирламайди" деган маънода Озодликка гапирди:

- Бир неча кундан бери маҳалла, таниш-билиш, ҳатто идораларда ишлайдиганларда ҳам, хуллас ҳамманинг оғзида бир гап юрипти бизларда. Янги президент одамлари орқали 4 та таниқли хонандага нотаниш шаклида тўй маросимини ўтказиб бериш билан мурожат қилдирган. Айтишларича улар: Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Райхон Ғаниева ва Гулсанам Мамазоитова бўлган. Телефон орқали мулоқат қилган Назарбековнинг маъмури ашулачини дежурлиги 6000$ бўлади деган, Юлдузники эса “битта почка” нархини белгилаган. Бу Мирзиеевни ғазабини келтиргани ва у Озодбекни чақиртириб, нима учун халқ билан ўртага одам қўйиб гаплашишига изоҳ сўраган. Артистларга Сергелидаги уйлар ва метро қурилишини молиялаштиришда ҳисса қўшиш талаб қилинган. Бу гаплар қанчалик рост ёки уйдирма эканини билмайман, аммо кўпчиликнинг оғзидан эшиттим. Шамол бўлмаса, дарахтни учи қимирламайди, дейишади-ку, - дейди Тошбек.

Бозор кезган аля - Ҳорун ар-Рашид

"Эртаклар" халқ орасида "эртак" каби тарқалиб, "Мирзиëев ҳамма муаммони ҳал қилар экан" деган миф пайдо бўлди, дейди Тошкентнинг эски шаҳарида яшовчи Мўътабар Аҳмедова:

- Мирзиëев ҳар куни оддий спорт кийими кийиб, бозор айланар экан¸ картошка қимматлиги боис ҳокимни урибди¸ деган гаплар урчиган. Мен бу гапларни айтаëтганларга қараб, сен ўз кўзинг билан кўрдингми, десам, йўқ, эшитдим, дейди. Ҳаммаси беҳуда гап¸ - дейди суҳбатдош.

Айтилишича¸ Шавкат Мирзиëев Чорсу бозорига оддий кийим кийиб бориб картошка нархи билан қизиқибди. Картошканинг қимматлигини билганидан кейин сотувчини ëқасидан олиб, роса дўппослабди.

- Бу гапдан кейин бир ярим минг турадиган картошка уч мингга чиқди. Мана сизга ривоятни фойдаси¸ - дея хулоса қилади Мўътабар Аҳмедова.

Алмиқсоқдан қолган одат

Мўътабар Аҳмедовага кўра¸ Совет давридаги раҳбарлар тўғрисида ҳам чўпчаклар яратилган:

- Лекин у чўпчакларда оз бўлса ҳам ҳақиқат бор эди. Масалан, Горбачев даврида Тошкент ижроқўми раиси бўлган Шукрулло Мирсаидовнинг шаҳар айланиб, муаммо ҳал қилгани ҳақида гап-сўзлар бор эди. Бу ўринда Шукрилло Мирсаидов, ҳақиқатан ҳам, халқ орасида юргани ростлигини эътироф қилишга тўғри келади. Бундай эртаклар қадим замонларда ҳам тўқилган. Масалан, Қўқон хонлигига тасарруфида бўлган ҳозирги Қирғизистон ҳудудида бир камбағал чўпонни бий қилиб сайлашгани ҳақида ривоят бор. Одамлар бу чўпон камбағал бўлганини унутмасин, дея унинг ўтовига йиртиқ чориқ осиб қўйишган. Чориғини унутмаган одил раҳбар орзусидан туғилган эртак бу. Лекин бу эртаклар яхшиликка етакламайди. Аччиқ бўлса ҳам бизга ҳақиқат керак, - деди Мўътабар Аҳмедова.

Каримов арвоҳидан қўрқадиган Мирзиëев ҳақида чўпчак

Аччиқ ҳақиқат бўлмаса ҳам, киноя-кесатиқ тарзида ëзилган латифалар ҳам урчимоқда.

Ана шундай латифалардан бирида Самарқандга бориб, Ислом Каримов қабрини албатта зиёрат қилайлик, деган таклифлардан чарчаган коллеж ўқитувчисининг гапи кулгига сабаб бўлган.

Менга қаранглар! Самарқандга қачон зиёратга борамиз, деявериб миямни ачитивордиларинг. Коллежни битириб, катта бўлиб, ишга кириб, ўзларинг пул топасизлар-да, 25 йилдан кейин Самарқандга эмас, Жиззахга зиёратга борасизлар! Тушундиларингми?” – дебди ўқитувчи.

Шу жойига келганда ҳамма қотиб кулиб¸ секин атрофга қараб қўйишар экан.

Бошқа бир латифа эса Мирзиëевнинг Каримов арвоҳидан қўрқиб Оқсаройга кира олмаëтгани ҳақида:

Мирзиëев марҳум миниб юрган машинани олди ўриндиғига ўтирса лобовойдаги кўзгуда каримов арвоҳи кўринибди. “Шавкатбой эртага оқсаройга кел гаплашамиз дебди” арвоҳ. Мирзиëев орқага қараса ҳеч ким йўқмиш. Лекин кўзгудаги Каримов арвоҳи тиржайиб туранмиш. Ўшандан кейин ўтакаси ëрилган Мирзиëев янги машина олдирибди ва оқсаройга қадам ҳам босмаслика онт ичибди.”

XS
SM
MD
LG