Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:01

Дональд Трамп: Менинг давримда Россия бизни янада кўпроқ ҳурмат қилади


Янги сайланган президент Дональд Трам президентлик даврида Россия билан алоқаларни яхшилашини яна бир бор таъкидлади. Унинг бу баёноти махсус хизматлар Россия президентининг шахсан ўзи АҚШга киберҳужум уюштириш ҳақида буйруқ бергани айтилган ҳисоботни эълон қилганидан бир кун ўтиб янгради.

7 январь куни Twitter саҳифасида баёнот қолдирган Трамп Москва билан алоқаларни яхшилаш ниятини яна такрорлади:

"Россия билан яхши алоқаларда бўлиш яхши нарса, ёмон эмас. Фақат "аҳмоқ" ёки эси паст одамларгина буни ёмон, деб ўйлаши мумкин..." деб ёзди Трамп.

Бундан ташқари, АҚШнинг сайланган президенти унинг иқтидордаги даврида Россиянинг АҚШга нисбатан ҳурмати ошишини ваъда қилди:

"Бизнинг дунё давлатлари билан муаммоларимиз етарли, яна бирига ҳожат йўқ. Мен президент бўлганимда Россия бизни ҳозиргидан анча кўп ҳурмат қилади ва икки давлат дунёнинг кўплаб йирик муаммолари ҳамда долзарб масалаларини ҳал қилишда, балки, биргаликда иш кўради", деб ёзди Трапм.

5 январь куни АҚШ махсус хизматлари маълум қилган ҳисоботда хулоса қилинишича, Россия президенти Путин АҚШдаги президент сайловида республикачи номзод Доналд Трамп ғалабасини таъминлаш ниятида киберҳужум уюштиришга шахсан буйруқ берган.

АҚШ Сенатида россиялик ҳакерларнинг АҚШ президентлик сайловига аралашгани эҳтимоли юзасидан ўтказилган эшитувлар давомида Миллий разведка хизмати бошлиғи Жеймс Клеппер ҳисобот берди.

Сенатнинг Қуролли кучлар бўйича қўмитаси олдида сўзлаган Клеппер: “Бизнинг сайлов жараёнларимизга аралашишга қаратилган бундан-да агрессив¸ бундан-да тўғридан-тўғри ҳаракат бўлмаган, деб ўйлайман”, деди.

Разведка агентликларига кўра, октябрь ойида юқори лавозимли Россия расмийлари дастаклаган ҳакерлар АҚШ компьютер серверларига ҳужум қилган, бу эса президентлик сайловларига ўз таъсирини кўрсатган. Ҳужумлар Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампнинг Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон устидан қозонган ғалабасига шубҳа уйғотмай қолмади.

Кремль Демократик партия компьютер серверларига киберҳужум уюштиргани ҳақидаги бу айбловларни рад этиб келмоқда. Айни пайтда, АҚШ Сенатининг бошқа икки қўмитаси ҳам Россиянинг АҚШ президентлик сайловларига аралашуви юзасидан ўз махсус текширувини ўтказмоқда.

Бу ҳисоботдан сўнг Дональд Трамп киберҳужумларга қарши аёвсиз тарзда курашишни ваъда қилганди. Аммо, Трампнинг махсус хизматлар ҳисоботидан бир кун ўтиб берган баёнотлари демократлар ҳамда республикачиларнинг эътирозларига бирдек сабаб бўлмоқда.

АҚШ Намояндалар палатасининг Разведка бўйича қўмитаси аъзолари бўлган демократ ва республикачи конгрессменлар якшанба куни матбуотда чиқиш қилиб, Россиянинг АҚШга муносиб иттифоқчи бўлиш эҳтимолини шубҳа остига олдилар. Улар сайланган президент Дональд Трампни, айниқса, махсус хизматларнинг ҳисоботидан сўнг Россия билан муносабатларда ҳушёр ва совуққон бўлишга чақирдилар.

XS
SM
MD
LG