Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:24

Мирзиёев ишхонаси Оқсарой, қароргоҳи эса Кўксарой ëнида қурилмоқда


Оқсарой биринчи президент музейига айлантирилади.
Оқсарой биринчи президент музейига айлантирилади.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин икки манбанинг Озодликка маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг янги иш жойи Оқсарой ёнида, қароргоҳи эса Кўксарой яқинида барпо этилмоқда. Қурилиш ишларига янги йилнинг илк ҳафтасида старт берилган.

Ўзбекистон марҳум президенти идораси – Оқсаройни Ислом Каримов музейига¸ қароргоҳи - Кўксаройни эса Каримов истироҳат боғига айлантиришга қарор қилинган.

Ясовулсиз қолган Оқсарой

Озодлик манбаларига кўра, янги президент иш жойи - Тошкент марказидаги Шароф Рашидов ва Бешёғоч кўчалари орасида жойлашган Оқсарой ёнида қурилмоқда.

"Оқсаройнинг ёнидан президент ишлайдиган идора қурилаяпти. Икки бино бир ҳавлида бўлиб қолади. Аппаратнинг хоздвори жойлашган ҳудудда котлован қазиш бошланди," деди Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаси.

Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этгандан бир ой ўтар-ўтмас президент саройига элтувчи барча йўллар, жумладан Оқсарой олдидан ўтувчи катта йўл жамоатчилик қатнови учун очилган эди.

Айни ҳудудга 10 январь куни борган Озодлик мобиль мухбирига кўра, Оқсаройга борувчи йўллар ҳамон очиқ қолмоқда.

"Кўп йиллар давомида Оқсарой атрофи ёпиқ эди, ҳатто Қўғирчоқ театри атрофига шлагбаум қўйилганди, милиционерлар турарди. Автомобиль йўли буткул ёпилганди. Ҳозир йўл очиқ ва сал-пал говжумроқ. Оқсарой рўпарасидаги йўл атрофида иккита милиция будкаси ҳалиям турипти. Лекин, ясовуллар ҳозир йўқ. Будкалар бўм-бўш. Аммо бино ҳозирам қўриқланаётганини сезиш мумкин. Ҳар томонда видеокамералар бор. Оқсарой олд томони баланд бетон деворлар билан ўралган," деди Оқсаройни ташқаридан кузатган Озодлик мобиль мухбири.

Дўрмондаги янги қароргоҳ

Озодликнинг ҳукуматга яқин яна бир манбасига кўра, янги президентнинг янги қароргоҳи ҳам собиқ президентнинг қароргоҳи сингари Тошкент ташқарисидаги Дўрмон қишлоғида қурилмоқда.

"Дўрмонда ҳукуматнинг энг юқори амалдорлари даволанадиган стационар бор. Икки қаватлик. Янги резиденция ўша стационарга етмасдан қурилаяпти," деди Озодлик манбаси.

Ҳозирда Шавкат Мирзиёев мамлакатни Олий Мажлис Сенати биносидан ажратилган хоналардан туриб бошқараяпти.

Ўзбекистон президенти девонининг аксар раҳбар ходимлари ҳам айни бинода ишлашмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, 14 декабрда президент ўлароқ қасамёдга келтирилган Шавкат Мирзиёев ҳозирда ишга пойтахтдаги Мирзо Улуғбек тумани Қорасув-2 мавзесидаги ўз ҳовлисидан қатнаяпти.

XS
SM
MD
LG