Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:40

Жиззахда эр-хотин бир яшар қизи билан ис газидан заҳарланиб ўлди


Қиш мавсумида Ўзбекистон қишлоқларида кўпчилик уйлар қўлбола печалар воситасида иситилади
Қиш мавсумида Ўзбекистон қишлоқларида кўпчилик уйлар қўлбола печалар воситасида иситилади

Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилган эр-хотин ва уларнинг бир қизи ис газидан заҳарланиб ўлди. Дўстлик туман милициясига кўра, туман прокуратураси эр-хотин ва уларнинг бир яшар қизи ўлими юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда.

29 яшар Рустам Дониёров, унинг 25 яшар ҳомиладор хотини Феруза Дониёрова ва бир яшар қизи Севинч Рустамова 30 декабрга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб ўлгани Озодликка бугун маълум бўлди.

Дўстлик туман газ таъминоти бошлиғи Толиб Ҳамидовнинг айтишича, ён қўшнилардан бир нечтаси 30 декабрь тонгида Рустам Дониёровнинг уйига деразани синдириб кирганлар.

- Воқеа 29 декабрь кечаси бўлган. 30 декабрь куни қўни-қўшнилари деразани бузиб кириб, уларни уйда ўлик ҳолда топишган, - деди Толиб Ҳамидов.

У Дониёровлар оиласини ўз уйида ноқонуний равишда печка ўрнатиб олганликда айблади.

- Ўзбошимчалик билан печка ўрнатиб олинган. Қўлбола, ясама печка. Мўрисига, тортиб кетади деб, баклашка қўйишган экан. Ҳодиса ис газидан бўлган. Мўри тортмагани учун ёқилган газ угари ичкарига урган, - деди Дўстлик туман газ таъминоти бошлиғи.

Дўстлик туман марказий касалхонаси навбатчи шифокори эр-хотин ва уларнинг фарзанди шифохонага ўлик ҳолда келтирилганини айтди.

Бизга 30 декабрь куни соат обед пайти 12:15 да "Тез ёрдам" машинасида келтиришди. Келтирилган пайтда уччаласининг ҳам биологик ўлим ҳолатида бўлгани қайд этилган,” деди касалхона навбатчи врачи.

У эр-хотин Дониёровларнинг ис газидан ўлгани ҳақида тиббий экспертиза хулоса берилганини билдирди.

Асли Жиззах вилоятининг тоғли Баҳмал туманидан бўлган эр-хотин ва уларнинг қизи ўз туманида дафн этилган.

Айни пайтда Озодликка гувоҳлардан маълум бўлишича¸ Дониёровлар қўни-қўшнилари, туман газ ва шифохона ходимлари савол-жавоб қилинмоқда.

Ўзбекистонда охирги йилларда кучайиб бораётган энергетик бўҳрон туфайли қиш фаслида хусусий ҳовлилар табиий газдан кўпинча узиб қўйилади.

Бироқ Дўстлик туман газ таъминоти ходимлари янги йил арафасида газ таъминотида узилишлар бўлмаганини айтди.

Ўзбекистонда қиш фаслида, табиий газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳолининг аксар қисми печка қуриб, кўмир ва пропан газини ёқишга мажбур бўлади.

Аҳоли, асосан, бозорда нархи бошқа турдаги плита ва печлардан нисбатан анча арзон бўлган Хитой, Эронда ишлаб чиқарилган қурилмаларни харид қилади.

Техника хавфсизлиги қоидаларига тўла жавоб бермайдиган бундай қурилмалардан нотўғри фойдаланиш оқибатида Ўзбекистонда одам ўлими билан боғлиқ воқеалар кўплаб содир бўлмоқда.

Озодлик 2015-2016 йиллар давомида камида 10 одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлгани тафсилотини ўрганган эди.

Хусусан, 2016 йил 18 декабрда Самарқанд шаҳрининг Каварзор маҳалласида яшаган ёш эр-хотин газдан заҳарланиб нобуд бўлди.

2015 йил декабрида ҳам Самарқанд шаҳрида уч талаба ис газидан заҳарланиб ўлган эди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги Tиббиёт коллежининг 1-курс ўқувчиси 17 ёшли Марҳабо Баҳринова 2015 йил 5 март куни ижарада яшайдиган уйининг ҳаммомида ис газидан заҳарланиб вафот этди.

5 февраль куни эса Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб ўлган эди.

Ўтган йил февралида булунғурлик Шарофат Бегимқулова ва унинг 19 ёшли қизи ҳам ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган эди.

XS
SM
MD
LG