Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:26

БМТ қўмитаси Ўзбекистон маъмурлари маҳбусни қийноққа солганини эътироф этди


Қаюм Ортиқов фарзанди билан
Қаюм Ортиқов фарзанди билан

БМТ инсон ҳуқуқлари кўмитаси Ўзбекистон ҳуқуматига Қаюм Ортиқовнинг шикоятидаги қийноқлар фактларига асосан қабул қилинган қарорда баён қилинган холатлар юзасидан холис ва самарали текширув харакатлари олиб бормаганини ва Ўзбекистон маъмурлари Қаюм Ортиқовга нисбатан қийноқ қўллаганини эътироф этди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистонда ташкил этилган ва ҳозирда қароргоҳи Францияда жойлашган Инсон ҳуқуқлари “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева билдирди.

Ташкилот раҳбарига кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари кўмитасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти бошлиғи Ибрагим Салама имзолаган хужжатда Мўътабар Тожибоева томонидан Қаюм Ортиқов масаласида БМТга топширилган шикоят юзасидан 2016 йилнинг 25 октябрь куни қарор қабул қилингани баён қилинган.

Қарорнинг Озодликка тақдим этилган нусхасида Қўмита шикоятчининг ҳамда Ўзбекистон маъмурларидан мазкур шикоят бўйича олинган маълумотлар батафсил келтирилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон маъмурлари Қаюм Ортиқовнинг шикоятида келтирилган фактларнинг баъзиларини, хусусан, ҳибснинг дастлабки давридаги аҳволи ҳамда унга судлов жараёнидан олдин ўзи истаган адвокат берилмаганига оид шикоятларини ўз вақтида айтмаганини тан олгани айтилган.

“Қўмитага тақдим этилган материал шикоятчи ҳибснинг дастлабки даври ҳамда унга миллий судлардаги судлов жараёнидан олдин ўзи истаган адвокат берилмаганига доир муайян иддаоларини илгари сурмагани тўғрисидаги давлат томонининг позициясига мос”, дейилган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси хулосасида.

Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, унинг шикоятида “Ўзбекистондаги жазони ўташ муассасасида сақланган Қаюм Ортиқовга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллаган қамоқхоналар маъмурларидан тортиб уларнинг топшириқларини сўзсиз амалга оширадиган махсус шахслар ҳақида ҳам имкон даражасида тўлиқ маълумотлар берилган”.

“Қаюм Ортиқов ва унинг турмуш ўртоғи Моҳира Ортиқоваларни биз Ўзбекистондаги систематик қийноқларга қарши курашувчи энг фаол инсонлар сифатида тан олишимиз керак”, деди Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда.

Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида беш йил қўриқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқов 2009 йилда одам савдосида айбланиб¸ 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.

Қарийб икки ярим йил уйдирма айб билан қамоқда ушланиб¸ Британия фойдасига жосуслик айбига иқрор қилдириш учун шафқатсиз қийноқларга солинган Ортиқов¸ Озодлик билан 2016 йил баҳорида ўтказилган суҳбатда бу қийноқлар қўлга олинган кундан бошланишини айтиб берган эди:

- Қийноқлар Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг доимий кундалик дастурига киритилган. Тергов жараëни қийноқларсиз ўтказилмайди. Улар қийноқларни уч хил тарзда амалга оширишади. Энг даҳшатли¸ ноинсоний қийноқлар сиëсий маҳкумлар¸ диний экстремизмда айбланганлар ва жосусликда гумон қилинганларни қилмаган ишини бўйнига қўйиш учун қўлланилади. Бу қийноқлар тўхтовсиз¸ узоқ муддатда амалга оширилади, деган Қаюм Ортиқов.

Шу кунда 47 яшар собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқовга 2014 йили АҚШдан бошпана берилган.

Қаюм Ортиқов Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил — 2004 йилдан 2009 йилга қадар қоровул бўлиб ишлаган.

Унга қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига қарашли Чирчиқ гарнизонида ҳарбий хизматчи бўлган Қаюм Ортиқов 2008 йилнинг 26 декабрида ҳибсга олинган эди.

Собиқ ҳарбийга унинг ёрдамида Россияга ишлагани кетган ва у ердан маошини тўлиқ ололмай қайтган бир неча ҳамюртининг даъво аризаси асосида одам савдосига алоқадорлик айби қўйилган эди.

2009 йилнинг январида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари суди айни айблов асосида Ортиқовни 6 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Аммо, ҳибсга олинганидан бироз ўтиб, панжара ортида Ортиқовга жосуслик айбини қўйишга уриниш бошлангани ҳақида илк бор унинг рафиқаси - Моҳира Ортиқова халқаро ахборот воситаларига интервью берган ва турмуш ўртоғи қийноқларга солинаётганини даъво қилган.

2011 йилнинг 4 майида муддатидан аввал озод қилингач, дарҳол оиласи билан мамлакатни тарк этган Ортиқов 2012 йилда Буюк Британияда чоп этиладиган The Independent нашрига илк интервьюсида қийноқлардан гап очган эди.

XS
SM
MD
LG