Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Тошкентдан қочган Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаев Киевда ушланди


Украина пойтахти Киев суди кўп миллион долларлик иқтисодий жиноятларда айбланиб халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон ватандоши Акбарали Абдуллаевни ҳибсда ушлаш тўғрисида қарор чиқарди. 33 ёшли Абдуллаев Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг беваси Татъяна Каримованинг жиянидир.

Абдуллаев номи Ўзбекистон мустақиллиги йилларида коррупцияга боғлиқ энг йирик маҳкама жараёнларидан бири марказида туради.

Акбар Абдуллаев 2013 йил 10 октябрда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида номаълум муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Озодлик охирги уч ҳафта давомида Акбар Абдуллаевнинг Ўзбекистондан қочиб кетгани борасида журналистик текширув олиб бораётган эди.

Тутилиш

Киев шаҳар Соломянский туман суди матбуот хизмати Озодлик саволига жавобан қўлга олинган шахс Акбарали Абдуллаев эканини тасдиқлади.

“Ҳа, Ўзбекистон Республикасидан Абдуллаев Акбар Ибодулла ўғли. Киев шаҳридаги 13 рақамли тергов изоляторида сақланаяпти,” – деди Соломянский суди матбуот хизмати вакили.

Киев суди матбуот хизматининг 19 январь куни билдиришича, Акбарали Абдуллаевнинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари топилган.

Киев шаҳар прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Надежда Максимец Интерполнинг Украина бюроси маълумотига таяниб, Озодликка қатор иқтисодий жиноятларда айланган Абдуллаевнинг қидирувда бўлганини айтди.

- У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-, 178-, 209- ва 243- моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланмоқда. Ушланган пайтда унинг ёнида Ўзбекистон ва Доминикан Республикаси паспортлари бўлган. Энди уни экстрадиция этиш масаласида Ўзбекистондан талаб бўлгунга қадар уни вақтинча қамоқда ушлаб туриш қарори олинди, - деди Надежда Максимец.

Украинанинг Fakty.ua нашри хабарига кўра, Акбар Абдуллаев бир неча кун аввал Кариб оролларидан бири - Муқаддас Мартинда жойлашган Малика Жулиана халқаро аэропорти орқали Украинага кирган.

Киев аэропортида паспорт назоратидан ўтаётган пайтида чегарачилар унинг Интерпол қидирувида эканини аниқлаган ва қўлга олган.

Қочиш

Акбарали Абдуллаев Тошкентда яшаган маҳалла
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:34 0:00

Охирги уч ҳафта давомида Озодлик Акбарали Абдуллаевнинг Ўзбекистондан ноқонуний йўллар билан чиқиб кетгани борасида журналистик текширув олиб бораётганди.

Текширув жараёнида Озодлик мобил мухбири Акбар Абдуллаевнинг Тошкентдаги уйини аниқлашга ва видео тасвирга олишга ҳам муваффақ бўлди.

Акбарали Абдуллаевнинг президент Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай Ўзбекистондан қочиб чиққани ҳақида Озодликка Ўзбекистон чегара хизмати, ички ишлар ва Каримова оиласига яқин бир-биридан мустақил бир неча манба маълум қилганди.

Мазкур манбалардан олинган маълумотларга кўра, Акбарали Абдуллаев ички ишлар ва чегара хизматларининг бир неча масъул ходимига йирик миқдорда пора бериш эвазига айланма йўллар билан Ўзбекистондан аввал Қозоғистон жанубига, сўнгра учинчи давлатга чиқиб кетган.

Декабрнинг ўрталарида Черняевка, Қоплонбек, Майский, Яллама пропускной пунктларида қаттиқ текширувлар ва ишдан олишлар бошланди. Кейин суриштирсак, шу Акбарали Келес орқали Қоплонбекдан ўтиб кетган шекилли,” – дея маълум қилди Ўзбекистон чегара хизматчиларидан бири Озодлик мухбирига.

Ички ишлардаги бир неча манбанинг айтишича, Акбарали Абдуллаев ғойиб бўлишидан кўп ўтмай қатор чегара хизматчилари ва милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Акбар Абдуллаев уйининг сунъий йўлдошдан кўриниши
Акбар Абдуллаев уйининг сунъий йўлдошдан кўриниши

Жумладан, Тошкент шаҳар паспорт столларидан бирида ишловчи милиция зобитининг айтишича, шаҳарнинг Яккасарой тумани паспорт столи бошлиғи Акбарали Абдуллаевга паспорт тайёрлаб бергани учун вазифасидан бўшатилган ва ҳибсга олинган.

Акбарали Абдуллаевга яқин манбалардан бирининг Озодликка айтишича, Абдуллаев 2016 йил ёзида, амнистияга биноан, мамлакатни тарк этмаслик шарти билан қамоқдан чиқарилган.

“Дерзкий Акбар”

Иқтисодий жиноятларда айбланиб бир неча йил умрини панжара ортида ўтказган икки шахснинг Озодликка айтишича, Акбарали Абдуллаев бир муддат Қашқадарё вилоятидаги 64/61 сонли умумий тартибли Шайхали колониясида сақланган.

"Шайхалида бирга ўтирдик. Жуда қайтмас йигит эди. Акбарни, ёш бўлишига қарамай, нозирлар ҳам, маҳкумлар ҳам ҳурмат қилишарди. Маҳкумлар орасида "Акбар дерзкий" деган лақаб олганди," - дейди собиқ маҳкумлардан бири.

Унинг илова қилишича, қамоқхона маъмурияти ҳам Акбарали Абдуллаев билан "ўта ҳурмат билан" муносабатда бўлган.

"Қувасой мафияси"

Акбарали Абдуллаев 2014 йил ноябрида “Қувасой мафияси” деб ном олган йирик гуруҳ устидан бўлиб ўтган маҳкамалар силсиласи жараëнида Озодликка номаълум муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Мазкур маҳкамалар Ўзбекистон тарихида иқтисодий жиноятларга боғлиқ энг йирик маҳкамалар сирасига киради.

Озодлик ихтиёрида мавжуд ҳужжатларга кўра, мазкур маҳкамаларда жами 56 киши жавобгарликка тортилган.

Жумладан, 6627-сонли жиноят ишида "жиноий гуруҳ раҳбари" Акбарали Абдуллаевнинг ўз қўли остидагилардан "жиноий фаолиятдан олинган 800 миллион доллардан кўпроқ даромадни" ўзлаштиргани таъкидланган.

Собиқ президентнинг қайинсинглиси Тамара Собированинг ўғли бўлган Акбарали Абдуллаевга Фарғона шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 164-¸ 184-моддалари бўйича талон-тарож ва солиқ тўламаганлик айблари билан жиноий иш очган. Кейинчалик Бош прокуратура бу айблар устига пора олишга оид 210-моддани ҳам қўшган.

2012 йилга қадар Фарғона водийсидаги сердаромад бизнес тизимларини тўлиқ назоратида ушлаб келгани айтиладиган Акбарали Абдуллаев бизнес империяси таркибида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи¸ Қувасой цемент заводи¸ "Фарғона текстиль", "Silver Silk", "Кварц", "Қувасой текстиль","Қувасойпромстрой" каби фабрика ва ширкатлар¸ ўнлаб савдо мажмуалари¸ "Осиë" меҳмонхоналар тармоғи бўлган.

Айни пайтда Германия фуқаролигини ҳам олгани айтиладиган Акбарали Абдуллаевнинг Европада кўплаб қимматбаҳо кўчмас мулки бўлгани айтилади.

"Уни ўғлим дерди"

Акбар Абдуллаевнинг Тошкентдаги уйи гумбази
Акбар Абдуллаевнинг Тошкентдаги уйи гумбази

2012 йилда қатор бизнес шериклари ҳибсга олиниши ортидан Ўзбекистонни тарк этган Акбарали Абдуллаев¸ Гулнора Каримованинг иддаосича¸ холаси Татъяна Каримова қамалмаслигига кафолат берганидан сўнг ватанга қайтган.

Аммо, айрим норасмий манбаларга кўра¸ у 2013 йил 10 октябрда шахсан президент буйруғи билан қамоққа олинган.

Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова ўз Twitter ëзишмаларида Акбарали Абдуллаевнинг ўзлаштирилган катта миқдордаги пулларни холаси¸ президентнинг рафиқаси Татьяна Акбаровнага бериб келганини иддао қилган эди.

Жумладан 2013 йилнинг 23 ноябрь кунги твитларидан бирида 10 октябрь куни қамоққа олинган Акбаралини онаси Татъяна Каримова ўғил ўрнида кўрганини ëзган эди:

"Уни ўғлим дерди, у онам билан ҳар куни биздан кўра кўпроқ бирга бўларди. Барча буйруқларини бажарарди. Европа, Исроил, Москва, Туркиядан озиқ-овқат, кийим-кечак, заргарлик буюмлари, усталарни онам учун муҳайё қилган".

XS
SM
MD
LG