Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

АҚШда яшовчи ўзбекистонликлар ҳам Трамп қароридан ташвишда


АҚШ президенти Доналд Трампнинг етти мусулмон мамлакати фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини вақтинча тақиқлаб қўйиши, Америкада яшовчи ўзбекистонликларда ҳам ваҳима уйғотмай қолмади, гарчи бу қарор уларга таалуқли бўлмаса-да.

АҚШнинг Пенсилвания штати, Филаделфия шаҳрида яшовчи 32 ёшли Феруза Озодлик билан суҳбатда ҳозир Ўзбекистонга бориб келишга иккиланиб қолганини айтади.

- Бориб келгунимизга қадар ўзбекистонликларни ҳам киритмай қўйса, деган ҳавотир бор, фақат менда эмас, бу ердаги кўпчиликда, - дейди Феруза.

Виржиния штатининг Вудбридж шаҳарчасида яшовчи Отабек ҳам президент Трамп қарорларидан ташвишда.

Лекин, Отабек Америкада қонун устиворлигига, одамлар умуминсоний қадриятларга зид қарорларнинг қабул қилинишига йўл қўйиб бермаслигига ишонишини айтади.

- Трамп қарорлари мени ҳам ташвишлантиради, лекин бошқа томондан Америка деморактик давлат. Мен Америка халқи адолатсиз ёки инсонларни камситувчи, Америка қадриятлари, умуминсоний қадриятларга зидқарорлар қабул қилинишига йўл қўйиб берадиган халқ эмаслигига ишончим катта, Кўряпсизку, бу ерда кенг жамоатчиликни норозилиги фонида президент Трампнинг миграцияни чеклаш тўғрисидаги қарорига тегишли ўзгартишлар киритилди,мамлакатга “грин карта”га эга бўлганларга киришга рухсат берилди. - дейди Отабек.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Доналд Трамп қарор чиқариб, суриялик қочқинларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини номаълум муддатгача тақиқлаб қўйди.

Шунингдек, аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман каби етти давлат фуқароларига виза беришни уч ойга тўхтатди.

Дастлаб бу тақиқ “грин карта” эгаларига ҳам таалуқли эди.

Мазкур қарор АҚШ расмийлари ва аҳолисининг, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятининг кескин норозилигига сабаб бўлди, айрим маҳкамалар президент қарорини вақтинчалик тўхтатиб ҳам қўйди.

Норозиликлар ортидан президент Трампнинг миграцияни чеклаш тўғрисидаги қарорига аниқлик киритди ва мазкур қарор грин карта соҳибларига тегишли эмаслиги билдирилди.

АҚШнинг Охайо штатида яшовчи ўзбекистонлик сиёсий қочқин, диний мавзулардаги чиқишлари билан танилган блоггер Мирраҳмат Мўминов фикрича, АҚШ вақтинчалик виза тақиқи киритган давлатлар рўйхати кенгайиши ва Ўзбекистон ҳам бу рўйхатга киритилиши эхтимолини назардан соқит қилмайди.

- Билишимизча, ҳалиги етти давлатни ёнига бир неча давлатни қўшиш ҳақида гап-сўзлар юрибди ҳозир. Бу давлатларни ичида Ўзбекистон ҳам бор. Ўзбекистонни иккинчи даражали террорни экспорт қилувчи давлат сифатида рўйхатга киритишмоқчи, деган гаплар юрибди бу ерда яшовчи ўзбекистонликларни орасида. Ўтган йил АҚШнинг Кентукки штати сенатори Рэнд Пол ишлаб чиққан қонун лойиҳаси асосида Ўзбекистон ҳам “жуда хавфли мамлакатлар” рўйхатига киритилиши мумкин, деган хабарлар ҳам бор.Сабаби, АҚШда ўзбекистонликлар орасидан камида 9 киши террорчи гуруҳларга молиявий ёрдам кўрсатиш ёки уларни қўллаб-қувватлаш каби айблов билан айбланган, - дейди Мирраҳмат Мўминов.

Мирраҳмат Мўминов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:20 0:00
Бевосита линк

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган йил президентлик кампанияси пайти Портланддаги сайловолди чиқишида Сомали, Марокаш, Сурия, Афғонистон, Филиппин, Ироқ, Покистон, Яман каби давлатлар қаторида Ўзбекистонни ҳам "эҳтимолий террорчилар етиштириб берувчи давлатлар" сифатида тилга олганди.

АҚШда юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган ва исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ўзбек муҳожирларидан бирининг айтишича, АҚШда уч йил ичида тўққизта ўзбекистонликнинг террорчиликда айбланиб қўлга олиниши “Ўзбекистон учун катта минус”.

- Ўзбекистондан тўққизта одам ушланди, бу катта рақам. Бундан ташқари Туркия ва бошқа мамлакатларда қанчаси қўлга олинди. Бу холатлар ўз-ўзидан Ўзбекистонни “террорчиларни экспорт қилувчи давлат”лар қаторига қўшади, - дейди АҚШда яшовчи ўзбекистонлик.

Лекин, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига кўра, Трамп маъмуриятининг айрим чет мамлакатлар фуқароларининг АҚШга киришини чекловчи қарори Ўзбекистон фуқароларига таалуқли эмас.

Элчихона баёнотида айтилишича, Трампнинг 7 мамлакат фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини вақтинча тўхтатувчи фармони Ўзбекистон ватандошлари айни пайтни ўзида Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Яман ва Сомали фуқаролигига ҳам эга бўлсаларгина уларга тегишли бўлади.

Айни пайтда АҚШда муҳожирлар ва қочқинлар келишини чеклови президент қарорига норозилик чиқишлари давом этяпти.

Мирраҳмат Мўминовнинг айтишича, дам олиш кунлари Оҳайо штатининг Кливленд шаҳрида ўтказилажак норозилик тадбирида у ҳам қатнашиш ниятида.

- Мен ҳам шу норозиликда қатнашиб, одамлар Америкага зулмдан қочиб ўзи ва оиласи яхши, тинч осуда яшаш учун келади, зулмдан қочган инсонларга Америка эшикларини ёпмасин демоқчиман, - дейди АҚШда тўққиз йилдан бери сиёсий қочқин ўлароқ яшаётган ўзбекистонлик Мирраҳмат Мўминов.

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатга фақат Америка қадриятларини ҳурмат қиладиган одамларнинг киритилишига эришмоқчи эканни айтди.

Жаноб Трамп 2 февраль куни анъанавий йиллик ибодат нонуштасида АҚШга терррорчилар ва экстремистлар кириб келишининг олдини олувчи тизим яратишга ваъда берди.

XS
SM
MD
LG