22 феврал куни Тошкентда Швециянинг йирик компаниялари иштирокида ўзбек-швед бизнес форуми ва ҳамкорлик биржаси бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Ахборот хизмати хабар берди.
Тошкентдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Business Sweden номли Швециянинг савдо ва инвестицион кенгаши ҳамкорликда ўтказиладиган форумга ўнлаб швед ишбилармонларининг ташриф қилиши кутилмоқда.
Делегация таркибига тоғ-кон саноати, энергетика ва телекоммуникация соҳалари, шунингдек, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича иш юритадиган Швециянинг йирик компаниялари вакиллари киритилган.
Айни тадбир Ўзбекистон ва Швеция ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида уюштирилмоқда.