Ўзбекистон совет даврида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон армияси фойдаланиб келган эски ҳарбий учоқларни сотаётгани тўғрисидаги хабарни Мудофаа вазирлиги қисман тасдиқлади. Бу ҳақда “Новости Узбекистана” нашри 28 февраль куни маълум қилди.
24 февраль куни Россиянинг “Военное обозрение” нашри Американинг Redfish Trading Company ширкати сотувга етти дона МиГ-29 қирувчиси, беш дона Су-27 қирувчиси, бир дона Су-25 ҳужумчи самолёти ва 22 дона Су-17 қирувчи-бомбардимончи самолётларини қўйгани ва бу учоқлар Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларига тегишли эканини ёзган эди.
Нашрнинг билдиришича, Redfish Trading Company Ўзбекистонга тегишли бўлган бу ҳарбий учоқлар сотилиши тўғрисидагимаълумотни Фейсбук саҳифасида эълон қилган.
“Новости Узбекистана” нашри 28 февраль куни тарқатилган хабарда Мудофаа вазирлигидаги манба бу маълумотни қисман тасдиқлаганини билдирди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда ҳарбий техникани сотиш билан “Ўзмахсусимпекс” ташкилоти шуғулланади.Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги “Ўзмахсусимпекс”га эскирган ҳарбий техникани сотиш бўйича тендер ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилган. Шундан сўнг бу ташкилот эскирган ҳарбий техникани сотиш бўйича тендер эълон қилган.
“Бироқ ҳозирча тендер ғолиби аниқланмаган ва сотувга қўйилгани айтилаётган ҳарбий техника доимий хизмат ўташ жойларида сақланмоқда”, деб ёзади “Новости Узбекистана” Мудофаа вазирлигидаги манбага таянган ҳолда.
Мудофаа вазирлигидаги манба сотувга учоқлардан ташқари эскирган ҳарбий вертолётлар ҳам қўйилишини, бироқ уларнинг ўрнига янги техникани сотиб олиш режаси ҳозирча йўқ эканини ҳам айтган.
Бироқ президент Мирзиёев 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан сўзлаган нутқида 2017-2021 йиллар оралиғида мамлакат армияси қайта қуролланиши, мавжуд ҳарбий-аслаҳа ва техника тўлиқ таъмирдан чиқарилишини маълум қилган эди.
Президент ўз нутқида бу мақсадда 5 йиллик дастур қабул қилиниши, унда ҳарбий мақсадларга қаратилган маҳсулотларни сотиб олиш, мавжуд ҳарбий техникани таъмирлаш ва модернизация қилиш кўзда тутилишини айтган.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса 1 февраль куни “Известия” нашрига яқин ойларда ўтказилиши режалаштирилганМирзиёевнинг Москвага қиладиган ташрифи доирасида ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама қилинишини билдирган.
“Известия” газетаси музокаралар муваффақият билан тугаган тақдирда, Москва қурол-аслаҳа бозорида янги шерикка эга бўлиши ҳақида ёзган эди.