Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

Ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновга белгиланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди


Аъзам Фармонов (ўртада) ва "Эзгулик" фаоллари
Аъзам Фармонов (ўртада) ва "Эзгулик" фаоллари

Шу йилнинг 1 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг кассация судлов ҳайъати Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Аъзам Фармоновга нисбатан жиноят ишлари бўйича Амударё тумани суди томонидан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Бу ҳақда Озодликка маҳкумнинг жамоатчи ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

"Амударё тумани судининг Аъзам Фармоновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузиш) айби билан 5 йилу 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги 2015 йил 1 май кунги ҳукми Қорақалпоғистон Олий судининг судья Ташмуратов раислик қилган маҳкамаси тарафидан ўзгаришсиз қолдирилди. Адвокат ва ҳимоячиларнинг илгари сурган иддаолари рад қилинди. Ҳолбуки, шикоятда унга оид жиноят ишидаги барча процессуал қонунбузарликлар кўрсатилганди," деди Абдураҳмон Ташанов.

2006 йилдан буён "Жаслиқ" лагерида жазо муддатини ўтаётган Аъзам Фармоновга нисбатан ҳозирга қадар бирор марта амнистия акти қўлланилмаган.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, маҳкумнинг ўзи томонидан ёзилган шикоятлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокурор ва Ҳукуматга етиб келмаётир.

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан эълон қилинган 5 йиллик давлат дастурига мувофиқ амалга киритилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига кўра, энди Аъзамжоннинг ишини фақат назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий суди кўриши мумкин. Ҳозирда навбатдаги инстанцияга ҳам шикоят тайёрланмоқда, лекин бу инстанциядан ҳам катта умидлар қилаётганимиз йўқ” дейди жамоатчи ҳимоячи Абдураҳмон Ташанов.

Сўнгги марта ўтган йилнинг ноябрь ойида турмуш ўртоғи билан Жаслиқда учрашиб қайтган Озода Ёқубовага кўра, ҳуқуқ фаоли ошқозон-ичак тизимидаги хасталиклардан даволанган, соғлиғи қониқарли.

39 яшар Аъзам Фармонов энг узоқ қамоқ жазосини ўтаётган сиёсий маҳкумлардан биридир.

У товламачиликда айбланиб, 2006 йил 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2016 йилнинг майида жазо муддати тугаш арафасида унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берилган.

Фармонов 2000-2006 йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимини бошқарган.

Оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор.

XS
SM
MD
LG