Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Бишкек йиғинида Дмитрий Медведев Беларусни Россияни шантаж қилишда айблади


Дмитрий Медведев Бишкекда ўтган саммитда Беларусь бош вазирига жавоб қайтармоқда.
Дмитрий Медведев Бишкекда ўтган саммитда Беларусь бош вазирига жавоб қайтармоқда.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкилотига аъзо давлат Бош вазирларининг 6-7 март кунлари Бишкекда ўтган йиғилишида Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Беларус ҳукумати раҳбари Андрей Кобяков жанжаллашди.

Беларус бош вазири Андрей Кобяков Россияни иттифоқ доирасида ўз мажбуриятларини бажармаётганликда, жумладан, нефть маҳсулотларига катта нарх белгилаб, уларни Беларусга олиб кирилишига тўсқинлик қилаётганликда айблади.

Андрей Кобяков Россиянинг бундай ҳаракатларига жавобан Евросиё иқтисодий комиссияси чора кўрмаётганидан Беларус норози экани, шу норозилик акси ўлароқ Минск расмийлари ташкилотнинг ўтган йил декабрда ўтган саммитида иштирок этмаганини билдирди:

- Бугунги кунда Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида тузилган икки томонлама норматив база бажарилмаяпти. Биз Россия нефть ва газга чеклов киргизганидан ташвишдамиз. Бу соҳада икки томонлама ва кўп томонлама келишувлар бўйича олинган мажбуриятлар бажарилмаяпти. Бунга Евросиё иқтисодий комиссияси чора кўрмагани ортидан янги чекловлар ва тўсқинликлар кўпайиб бораяпти, -деди Андрей Кобяков.

Бунга жавобан Дмитрий Медведев: “Йўл қўйиб бўлмайдиган даражадаги вазият юзага келмоқда. Бундай ҳолат Россияни шантаж қилиш билан баробар”, деб билдирди.

Ўз сўзида давом этган Медведев: “Биз ташкилотга ҳеч кимни куч билан аъзо қилмаганмиз ва ҳозир ҳам қўлингиздан ушлаб турганимиз йўқ”, деб айтди.

Медведев, шунингдек: “Агар ташкилотга аъзо бўлмаганингизларда газни Европа баҳосида сотиб олаётган бўлар эдингиз”, деб миннат қилди.

Йиғилиш давомида ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳамкорликда контрабандага қарши курашиши ва интеграция масалалалри муҳокама қилинди.

Бу масалалар муҳокамаси пайтида Қирғизистон Бош вазири ташкилот аъзолари Бишкек олдидаги мажбуриятларини бажаришни ўта чўзиб юбораётганига шаъма қилди.

- Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқи бошқарув органларида қарор қабул қилиш ва уларни бажариш тартибини енгиллаштириш ташаббусини кўтаради. Биз қарорлар ўз вақтида қабул қилиниб, ўз вақтида бажарилишини истаймиз, -деди Қирғизистон бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков.

Бу шаъмани тушунган Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев Остона ўзи ваъда берган 100 миллион долларнинг ярмини яқин ойларда Қирғизистонга ўтказиб беришини билдирди.

Бу маблағ 2012 йилда Қирғизистоннинг Евросиё иттифоқига кириши жараёнидаги таваккалларнинг олдини олиш мақсадида Қозоғистон томонидан берилиши назарда тутилган эди. Аммо орадан беш йил ўтган бўлса-да, Бишкекка бу пул етиб келмаган.

Москва раҳбарлигида ташкил этилган Евросиё иқтисодий иттифоқига Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG