Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:54

Ўзбекистон ҳарбий полигони қирғиз ватандошларининг норозилигига сабаб бўлмоқда


Ўзбекистон ҳарбийлари.
Ўзбекистон ҳарбийлари.

Қирғизистоннинг Қадамжой туманидаги Интимоқ қишлоғи Ўзбекистоннинг Ямбарак қишлоғи билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Бу ерда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий машғулотлар ўтказувчи полигони ҳам мавжуд.

Интимоқ қишлоғи аҳолиси кўп йиллардан бери чегара ҳудудидан ҳарбий полигонни кўчириш масаласи Ўзбекистон билан муҳокама этилишини маҳаллий ҳокимиятдан илтимос қилиб келмоқда.

-Ўзбекистоннинг ҳарбий полигони қишлоғимиздан 300 метр нарида жойлашган. Бу ерда ўқув машғулотлари бўлганида замбараклар, танклар билан отишади. Портлаш овозлари эшитилиши билан болаларимиз қўрқиб, қалтираб қолишади. Ҳомиладор аёлларнинг хомиласи тушиб қолган воқеалар ҳам бўлган, - деди Интимоқ қишлоғида яшовчи Келдибек Ўсмўнов.

Қишлоқнинг яна бир турғуни Тожигул Арапова Ўзбекистон армиясининг полигонда ўтказаётган машғулотлари ортидан қишлоқда мол ва қўй боқиш ҳам муаммо бўлиб қолганини айтди:

-Полигон қурилаётганида қишлоқликлар “Бизга зарари етиб қолмасин, қишлоғимиздан узоқроққа қуринглар” , деб илтимос қилганмиз. Лекин илтимосимиз инобатга олинмай қолиб кетди. Полигон уйимиздан юз метр нарида жойлашган. Машғулотлар бошланиши билан қўрамиздаги қўйлар йўқолишни бошлайди. Яқинда 20та қўйим йўқолиб қолди. Уларнинг 10тасини Ёзявон бозоридан, ярмини Олтиариқнинг бозоридан топиб келдик. Айниқса, автоматлар ва снарядлар отилганида жуда ваҳима бўлиб кетади, - деди суҳбатдош.

Қадамжой туман ҳокими Акрамжон Мадумаров ҳарбий полигон қонуний равишда Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани, бунга қирғиз маҳаллий ҳокимияти ҳеч қандай эътироз билдира олмаслигини айтди. Унга кўра, полигонни қирғиз қишлоғидан олисроқ жойга кўчириш масаласини ҳукуматлараро музокараларда Қирғизғистон ҳукумати кун тартибига киритиши лозим.

-Полигон Ўзбекистон ҳудудида жойлашган, Қирғизистон ичкарисига кирган эмас. Шунинг учун бу фақат Ўзбекистон ҳукуматининг хоҳиш –иродаси билан ҳал этиладиган масала. Бу муаммони Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан олиб борилаётган чегара музокаралари жараёнида кўтарсагина, ҳал этилиши мумкин, -деди ҳоким.

Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасиининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур чегара ҳудудининг320 километри ҳозиргача аниқланган эмас. Бу ерда 60дан ортиқ баҳсли ҳудудлар борлиги айтилади. Баҳсли участкалар туфайли чегараолди ҳудудларида турли келишмовчиликлар, жумладан, ҳар икки томон чегарачилари томонидан ўқ отишлар рўй бериб туради.

XS
SM
MD
LG