Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

Мирзиёев президент девони таркибини ислоҳ қилди


Шавкат Мирзиёевнинг янги фармонида таъкидланишича, девон президентнинг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон президентига мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши шарт.

Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тўплами - Lex.uz сайтида 13 март куни эълон қилинган 10 (770)-сонли “Ўзбекистон президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармон 1 март куни Мирзиёев томонидан имзоланган.

Фармонда айтилишича, девон фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш назарда тутилмоқда.

Янги тартибга биноан бундан буён девон президентнинг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон президентига мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши шарт.

Бундан ташқари президент девони ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини шакллантириш, мамлакат суверенитетини муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитликни таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Президент девонининг Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати тугатилиб, Сиёсий - ҳуқуқий масалалар хизмати ташкил этилади.

Нодавлат тижорат ташкилотлари, ёшларга оид сиёсат, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ишлаш, миллатлараро муносабатлар ва дин ишлари масалалари бўйича шўъбалари негизида Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати ташкил этилади.

Бундан ташқари президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик асосларини ислоҳ қилиш бўйича кенгаш, Ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти тугатилади.

Фармонда қайд этилишича, девон таркиби Ташкилий-кадрлар хизмати; Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати; Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати; Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизмати; Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати; Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати; Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати; Ишлар бошқармаси; Ижро этувчи аппаратдан иборат бўлади.

Девон таркибига президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳам киритилади.

XS
SM
MD
LG