Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

Блоггер: Ўзбекистон қирғизистонлик сайёҳларнинг пулини олишни ҳануз истамаяпти


Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш маскани.
Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш маскани.

Қирғизистонлик тадбиркор Акмал - Озодликнинг "Блогистон"и меҳмони. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг янги Президенти мамлакатда туризмни ривожлантириш, қўшнилар билан алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлаш ҳақида кўп гапирмоқда, лекин амалда бу соҳада ўзгариш сезилай демаяпти. Қолган гапларни унинг блогидан ўқинг. Акмалнинг блогини таҳрирсиз эълон қилаяпмиз.

***

Бугун бир блоггерлик қилгим келди. Ичимдаги тўпланиб қолган фикрларимни ёзгим келди оммага.

Қирғизистоннинг жанубидаги ўзбеклар учун Тожикистон туризм эшикларини очди. Ўзбекистон ёпиб қўйган эшикни. Жуда кўпчилик ҳозирги кунда Тожикистондаги Баҳористон санаторийсига дам олгани боряпти.

Таможнядан ўтиш бир зумлик эмиш, ошиқча текшир-текшир йўқ, Тожикистон ичида ҳам бемалол юриш мумкин эмиш, милиция ёки бошқаси текширмас экан. Ўзбекистонга ўйнагани бориб турадиган ўзбеклар учун жуда зўр алтернатив.

Мен бугун 600 $ га онам, қизим ва холамга 3 та путëвка олдим шу санаторийга. У ерда яна тахминан 100 $ дан харжлашади дам олиш учун. Жами 900$. Ўшда бу санаторий ўз офисини очганига ва бориб келганларнинг ҳикояларига қараганда бораётганлар сони кўп. Демак 10-100 минглаб доллар Тожикистонга кетяпти.

Ўзбекистонга жон деб борардик. Лекин, таможнядан ўтиш учун телеграмма келиши керак Ўзбекистондан. 5 йилча аввал менинг ўша пайтда 86 га кирган бобомнинг Қўқонга келин бўлиб тушган 80 ёшдан ўтган синглиси оламдан ўтди.

Бобомга телеграмма келди Қўқондан ва шу асосда таможнядан ўтмоқчи бўлиб бордик. 86 га кирган чолни ўтказишмади - ўлган синглиси билан чолни фамилияси бошқа-бошқа эмиш. Сени эрга теккан синглингни фамилияси сеники билан бир хилми, дейдиган одам йўк таможенникка. Кимнинг ҳаддига унақа дейиш, қўрқамиз улардан.

2012 йил охирги марта Тошкентга боргандим. Дўстлик таможнийсида саҳарлаб очередь. Юзларча одам тик туриб кутяпмиз. Эшик олдида солдат йигит қарини қари, аёлни аёл демай беҳурмат қиляпти. Қари кампир дарвоза олдидаги ўтирса бўладиган ерга ўтириб турай деса унамаяпти солдат.

Бир йил олдин Қашқадарёнинг бир қишлоғида сўкиш эшитиб пахта териб юрган, яна бир йилдан кейин иш йўқлигидан Россияда гастербайтерлик қилиши мумкин бўлган солдатнинг марҳаматига қараб турибди юзларча одам.

Шунинг кайфиятига боғлиқ ўтишимиз, шунинг икки дудоғи орасида ҳамманинг "тақдир"и. Шунақанги кибр, нигоҳ, виқор билан турибди.

Эплаб ўтдик. Марҳамат кўрсатди қашқадарёлик солдат бола. Сал ичкарида энди паспорт контроль бор. У ерда 2 нусхада ҳамма декларация ёзиши керак. Қари кампирлар ёзолмай гаранг, ёзмоқчи бўлганларга ручка етишмаяпти.

Ёзиб кирсанг, хато қилиб қўйсанг таможнядаги ëш солдат дакки беряпти. 20 яшар солдат 40 ёшли бир кишига “нимага хато қилдингиз” деб дакки беряпти. Саволни қайта-қайта беряпти. У бечора гаранг.

“Бошқа қоғоз беринг. Қайта ёзиб берай” деяпти. Солдат "Йўқ сизга ошиқча қоғоз. Шу ерда турасиз энди, следующий" деб кейинги одамнинг декларациясини текширишни бошлади.

“Аслида сенлар хато қиляпсан саводсиз халққа 2 нусхада декларация ёздириб” дейдиган одам йўқ. Кимнинг ҳадди сиғади бунақа дейишга.

Менинг декларациям тўғри экан, ўтдим. Кейин бир ёш СНБчи болага рўпара бўлдим. Мендан ташқари яна бир ёш йигит ва 50 ёш атрофидаги бир кишини хонага олиб кирди. Уччаламизни бир-биримизга гувоҳ қилиб ечинтирди шимимизгача. Телефонларимизни текширди.

“Меҳмонга раво кўриладиган ишми бу шармандачилик” дейдиган одам йўқ. Кимнинг ҳадди сиғарди, “ҳа энди хизматчиликда” дедик ўзимизга таскин бериб.

Ўзбекистон таможнясидан ўтишдай ҳақоратни ўзимга ҳалигача раво кўрмай, бормай юрибман.

Бунча нарсани нимага ёздим. Бошида ёзганим 600 $ борку, шу сеники эдия Ўзбекистон, лекин тожикка кетди.

Евроньюсда Ўзбекистонни туристларга реклама қилишда давом этишяпти.

Қайси туристларга?

Европаликларгами фақат?

Бизчи?

XS
SM
MD
LG